Умумий ўрта таълим мактабларида 2020−2021 ўқув йилида ҳам вариатив ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказиш ишлари давом эттирилади ва танлов йўналишлари сони эса оширилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, 2019−2020 ўқув йилининг учинчи чорагидан тажриба-синов 10−11-синфлар учун жорий этилган ихтиёрий фанларни танлаш тизими келаси ўқув йили ҳам давом этади.

Бундан асосий мақсад мактаб ўқувчиларнинг ўзи қизиққан фанларни чуқур ўрганишига шароит яратиш, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртига кириш имтиҳонига тайёргарлик кўришини таъминлаш ва юқори синфларда ўқув жараёнини касбларга йўналтирилган ҳолда ташкил этишдан иборатдир.

Маълум бўлишича, янги ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабининг 7-, 8- ва 9-синфларида ҳам танлов синфини ташкил этиш имконияти яратилмоқда.

Шунингдек, танлов синфлари йўналиши 5 тадан 12 тага оширилиши ҳам асосий ўзгаришлардан бири ҳисобланади. Бунда 2020−2021 ўқув йилида қуйидаги йўналишлар танлови яратилмоқда:

  • биринчи йўналиш: 10−11-синф учун — хорижий тил ва филология йўналиши;
  • иккинчи йўналиш: 10−11-синф учун — молия — иқтисод йўналиши;
  • учинчи йўналиш: 7−8−9−10−11-синфлар учун — веб-фрилансер (интернет тармоғи орқали меҳнат даромади олиш) йўналиши;
  • тўртинчи йўналиш: 10−11-синф учун — технология йўналиши;
  • бешинчи йўналиш: 10−11-синф учун — табиий фанлар йўналиши;
  • олтинчи йўналиш: 10−11-синф учун — ижтимоий-гуманитар йўналиш;
  • еттинчи йўналиш: 10−11-синф учун — бошланғич таълим йўналиши;
  • саккизинчи йўналиш: 10−11-синф учун — кимё технология йўналиши;
  • тўққизинчи йўналиш: 10−11-синф учун — география ва геология йўналиши;
  • ўнинчи йўналиш: 10−11-синф учун — мактабгача таълим ва психология йўналиши;
  • ўн биринчи йўналиш: 10−11-синф учун — тарих ва археология йўналиши;
  • ўн иккинчи йўналиш: 10−11-синф учун — туризм йўналиши.

Хабарда қайд этилишича, 10−11-синфларнинг танлов синфида вариатив ўқув режани тажриба-синовдан ўтказишда 9 та мажбурий фан ўқитилади: она тили ва адабиёт, ўзбек тили/рус тили, чет тили, тарих, тарбия, математика, информатика, жисмоний тарбия, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик.

Танлов фани бўйича қўшимча ажратилган соатларда қуйидагилар амалга оширилади:

  • ўқувчиларга фанларни чуқур ўргатиш ва тегишли мавзуларга доир қўшимча маълумотлар бериш;
  • ўқувчилар билимини мустаҳкамлаш ва мавзуларни тўлиқ ўзлаштирилишини таъминлаш;
  • «Khan Academy O‘zbek — Onlayn ta’lim platformasi» таълим ресурсларидан фойдаланиш;
  • қўшимча адабиётлардан мисол ва масалалар, тестлар (ДТМ сайтидаги намунавий тестлар) ечиш;
  • олий таълим муассасалари ўқитувчиларини жалб қилиш;
  • ўқувчиларни олий таълим муассасаларининг кириш имтиҳонларига тайёрлаш.

Хабарда таъкидланишича, вариатив ўқув режаларининг жорий қилиниши ихтиёрий бўлиб, мактабда танлов синфини ташкил этишда юқори малакали, тажрибали ўқитувчиларнинг мавжудлиги инобатга олинади.

Халқ таълими вазирининг вариатив ўқув тизимига тегишли буйруғига асосан 2020−2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режада белгиланган умумий ҳафталик дарс соатлари ҳажми сақланиб қолинади. Шу билан бирга, Республика таълим маркази 1 августига қадар вариатив ўқув режалар бўйича намунавий тақвим-мавзу режаларни ишлаб чиқариши буйруқда кўзда тутилган.