Тошкентнинг Сергели тумани ҳудудидаги 13 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларини тўлиқ ҳамда 6 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудининг бир қисми янги ташкил этилаётган Янгиҳаёт тумани таркибига ўтказилади. Бу ҳақдаги тегишли ҳоким қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланди.

Тўлиқ ҳолда янги туман ҳудудига ўтаётган маҳаллалар — Ал-Фарғоний, «Виқор», «Чорбоғ», «Ёрқин ҳаёт», «Йўлдош», «Чароғон», «Дўстлик», «Навқирон», «Олчазор», «Ташаббус», «Янги умид», «Янги Чоштепа», «Хумо».

Ҳудудининг бир қисми янги туманга қўшилаётган маҳаллалар — «Дарё бўйи», «Қипчоқ», «Софдил», «Паст дархон», «Жўнариқ», «Чоштепа».

Маълумот учун, Сергели тумани ҳудудида 47 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, 29 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Сергели туманида барпо этилган янги турар жой мавзесига ташрифи чоғида ушбу ҳудудда пойтахт ҳокимлигига тўғридан-тўғри бўйсунадиган алоҳида — Янгиҳаёт кичик туманини ташкил этиш таклифини билдирганди.

Шунингдек, давлат раҳбари мазкур туманга ҳоким сифатида Хаёт Иногамовни таклиф қилганди. У ҳокимликка таклиф қилинганидан қадар Тошкент шаҳар ҳокимлигида каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари бўлган.