Денов туманида бир киши коронавирус инфекциясидан вафот этгани ҳақида хабар берилди. Бироқ, бир оздан сўнг ушбу ахборот ўчирилиб ташланган. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар берди.

Маълумотга кўра, 21 июнь куни Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳокими Бахтиёр Ибатов туман аҳолисига мурожаат билан чиқиб, туманда бир киши 20 июнь куни коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолатда вафот этганини маълум қилади. Ушбу мурожаатнинг видеолавҳаси Денов тумани ҳокимлигининг Telegram каналида эълон қилинган. Аммо, бир оздан сўнг ушбу ахборот каналдан ўчирилиб ташланган.

Таъкидланишича, COVID-19 билан боғлиқ ҳолатда вафот этган марҳум билан мулоқотда бўлган 187 нафар фуқаро карантинга олинган ва улардан 6 нафарида коронавирус касаллиги тасдиқланган, яна бир нечта фуқарода касаллик гумон қилинмоқда.

Мазкур ҳолат туфайли Денов ҳокими аҳолини коронавирус инфекциясидан сақланиш учун ўрнатилган санитария-эпидемиологик талабларга қатъиян риоя қилишга чақирган.

«Kun.uz мухбири масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирининг матбуот котиби, жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев билан боғланганида, у бу фактни тасдиқламади», — дейилади хабарда.