Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги АТ «Халқ банки» филиалининг валюта сақлаш сейфидан 100 минг долларни талон-тарож қилган банк бошқарувчиси ва икки нафар ходимига суд ҳукми ўқилди, дея хабар қилди ЎзА.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судьяси Б.Ваҳобов ва жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди раиси Б. Ҳайдаровнинг ЎзА мухбирига маълум қилишича, филиал бошқарувчиси вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланган С.Турсунбаев ва бош ҳисобчи Б.Тиллаев касса мудираси Г. Утановага қонунга зид равишда банк пул омборининг калит ва муҳрларини топшириб қўйган. Шунингдек, касса мудирасига ўз номларидан имзоларини ўхшатиб, турли шаклдаги китобларни тўлдиришга рухсат бериб қўйишган.

2019 йил 25 январь куни «Халқ банк» Фарғона амалиёт бўлими томонидан банкнинг Ёзёвон филиалига 300 минг АҚШ доллари келиб тушади. Шу кундан 5 февралга қадар С.Турсунбаев, Б.Тиллаев ва Г. Утанова филиал балансининг ҳисоб рақамидаги 218,3 минг доллардан 100 минг долларини (840,1 млн сўм эквивалентида) растрата қилиш йўли талон-торож қилади.

Келгусида тергов ва суд идораларини улар томонидан содир этилган жиноятни фош этилишига йўл қўймасдан чалғитиш мақсадида 2019 йил 5 февраль куни соат 20:00 да АТ «Халқ банки» Ёзёвон филиалида 100 минг доллар камомад келиб чиққани ҳақида Ёзёвон туман ИИБга хабар берганлар.

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, С. Турсунбаевга 5 йил икки ой, Б.Тиллаев ва Г. Утановага 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ва ҳар бирларига икки йил моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. «Халқ банки» Ёзёвон филиалига етказилган 100 минг долларнинг сўмдаги қиймати 862 миллион 451 минг сўмни судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.