21 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 6216 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 48 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 13 нафари Бухоро вилоятида (шундан 2 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 11 нафари аҳоли орасида), 2 нафари Сирдарё вилоятида (шундан 1 нафари хориждан чегара пост орқали мамлакатга кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида, 1 нафари аҳоли орасида) аниқланган.

Ҳозирда Ўзбекистонда 4290 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар (69 фоиз) соғайган.

Айни пайтда мамлакатда 1907 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 15 нафари оғир, 1 нафари ўта оғир аҳволда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 20 июнь кун давомида 207 та коронавирус ҳолати қайд этилиб, умумий ҳолатлар сони 6153 тага етган эди.

Ҳозирги пайтда дунё бўйича коронавирус билан касалланганларнинг сони 8,75 млнга етган ва шулардан 4,33 млн бемор тузалган. Шу жумладан, Қозоғистонда касаллик ҳолатлари 16,7 минг нафар, Тожикистонда 5399 нафар, Қирғизистонда эса 3 мингдан ошган.