Тошкентда «Bitcoin» савдоси билан ноқонуний шуғулланган шахслар фаолиятига чек қўйилди, дея хабар берди Ўзбекистон Бош прокуратураси.

Унга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро М.А. ноқонуний даромад орттириш мақсадида валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда ўтказиш билан шуғуллангани аниқланди.

Бош прокуратура маълум қилишича, ушбу фуқаро 2019−2020 йилларда интернет тармоғидаги Telegram каналида фуқароларга 3 млн АҚШ доллари миқдоридаги криптоактивлар кўринишидаги маблағларни айирбошлаш орқали хорижий давлатлар фуқаролари билан чет эл валютасини ўтказиб келгани, «Bitcoin» олди-сотдиси билан лицензиясиз шуғулланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси (Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) ва 190-моддаси (Фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Ушбу моддалар учун етти йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда криптовалюталарни айирбошлаши фақат ихтисослашган крипто биржалари орқали амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, жисмоний шахсларга фақат криптовалюталарни сотиш мумкин.

Шунингдек, январ ойида Жанубий Кореянинг Kobea Group компанияси томонидан ташкил этилган Ўзбекистондаги биринчи ва ҳозиргача ягона бўлган UzNEX крипто биржаси очилиши ҳақида хабар берилганди.