19 июнь куни Парламент юкори палатасининг аъзолари Феруза Юлдашевна Махмудовани Ўзбекистоннинг Исроил давлатидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

«Феруза Юлдашевна мустақил Ўзбекистоннинг биринчи аёл элчиси сифатида тарихда қолади. Бу шараф бўлиши билан бирга, улкан масъулият ҳамдир. Қолаверса, унинг бундай масъулиятли лавозимга лойиқ топилгани мамлакатимизда аёлларга бўлган юксак ишонч ва эътироф намунасидир. Ишонамизки, бундай эътибор ва эътирофга бундан кейин ҳам кўп маротаба гувоҳ бўламиз. Зеро, ўзбек аёллари бунга муносибдир», — деди Сенат Раиси Т.Нарбаева.

Сенаторлар Ф.Маҳмудованинг фаолиятига муваффақиятлар тилади ва хорижда, хусусан, Исроилда мамлакатимиз манфаатлари йўлида бор билим ва салоҳиятини ишга солиб, ўз фаолиятини намунали йўлга қўйишига ишонч билдирди.

Маълумот учун, Феруза Махмудова 1975 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг «Халқаро муносабатлар» факултетини тамомлаган (1996 йили), ва гуманитар фанлар бўйича магистр даражасини Германиядаги Эберхард ва Карл Университетида (2009) олган. Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппаратида турли лавозмларда фаолият олиб борган (1996−2006). Шунингдек, у Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида (2014−2018) ишлаган.

Тайинловга қадар, Феруза Маҳмудова Ташқи ишлар вазирлигининг Икки томонлама ҳамкорлик бош бошқармасига раҳбарлик қилган (2018−2020).

Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ильҳом Неъматов, Феруза Махмудовани номзодини тақдим этаётганда унинг тайинловини Ўзбекистон кадрлар сиёсатидаги «тарихий воқеа», дея таърифлади.

«Бугун мустақил Ўзбекистон дипломатияси тарихида биринчи марта Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимига ҳурматли аёлларимиз сафидан номзод кўрсатиляпти», — деди у.

Сенат раиси Танзила Нарбаева шу кунга қадар Ўзбекистон 130 дан зиёд хорижий давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатган бўлса, уларда ҳали бирорта аёл элчи тайинланмаганини таъкидлади.

Айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси (2010−2012) сифатида фаолият олиб борган.