Танзила Нарбоева жойлардаги сенаторларнинг жамиятда рўй бераётган жараёнлар ва қизғин муҳокама қилинаётган масалаларни жим кузатишини, шунингдек, депутатларнинг халқ билан мулоқотга киришмаслиги, уларнинг одамлардан ўзини олиб қочишини танқид қилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси бешинчи ялпи мажлис давомида ўз нутқида қайд этиб ўтди.

Парламент юқори палатаси раисининг айтишича, ҳудудлардаги сенаторлар, депутатлар «муаммолар портфели»ни тузиб, марказдан ишчи гуруҳи келишини кутиб ўтирмасдан муаммоларни Сенат ёки маҳаллий Кенгаш муҳокамасига киритиб боришлари керак.

«Биз ҳудудларга чиққанда ижро органлари ёки бошқа тузилмалар вакилларидан ишчи гуруҳ тузиб, муаммо ахтариб юрибмиз. Аслида ҳудудлардаги сенаторларимиз, депутатларимиз бизни „муаммолар портфели“ билан кутиб олиши ёки марказдан ишчи гуруҳи келишини кутиб ўтирмасдан муаммоларни Сенат ёки маҳаллий Кенгаш муҳокамасига киритиб бориши керак эмасми?! Бунинг учун ваколатлар етарлику!» — деди у.

Танзила Нарбаева ижтимоий тармоқларда муаммоларни ҳамма муҳокама қилаётганда, муносабат билдираётганда, сенаторларни «жим» туришда танқид қилди.

«Ижтимоий тармоқларга кириб кўринг, ҳар куни бир муаммо, ички ишлар ходими кимнидир калтаклаган, у ўлиб қолган, қайсидир ҳоким тадбиркорни қийнаган, кимлардир мажбурий меҳнатга жалб қилинган, қаердадир фирибгарлар одамларни оммавий алдаган, чегара ҳудудлардаги аҳолида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар қийнаб келган. Мана шундай ҳолатларни яна кўплаб санаш мумкин. Бундай муаммоларни ҳамма муҳокама қилади, муносабат билдиради, хулосаларини айтади», — дея қайд этди Сенат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, сенаторлар қачонки уларга топшириқ берилса, бориб хабар олсин, дейилсагина боради ва шундан кейингина шуғуллана бошлайди.

«Аслида бундай бўлиши керак эмас. Яхшиямки ижтимоий тармоқлар бор экан, бизга ҳамма масалаларни очиқ-ойдин кўрсатиб бермоқда. Муаммолар кўтарилган жойда эса ҳамон масъул раҳбар ёки сенторлар, депутатларнинг халқ билан мулоқотга киришмаслиги, уларнинг одамлардан ўзини олиб қочиши кузатилмоқда», — деди Танзила Нарбаева.

Сенат раиси жамиятда пайдо бўлаётган муаммоларни аниқлашда ижтимоий тармоқларнинг ўрни катта бўлаётганига урғу берди.

«Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларда ҳар куни жуда кўп муаммолар кўтарилмоқда. Одамлар уларга нисбатан муносабатини билдиради, мутасаддилар эътиборга олишини истайди. Амалда эса муаммоларнинг кўпчилиги айтилганича қолиб кетмоқда. Айрим катта шов-шув келтириб чиқарган ҳолатлар бўйича расмий муносабат билдирилади. Унда ҳам „ҳа, ҳақиқатан шундай ҳол рўй берди, бу ҳолат бўйича тегишли чора кўрилади“, деган натижасиз муносабатлар эса оддий ҳолга айланди», — дея танқид қилди Парламент юқори палатасининг раҳбари.

Танзила Нарбаева ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган муаммолар бўйича тизимли ишлаш бўйича чоралар белгиланса ва бу борада «масъуллар, айниқса сенаторлар масъулиятини оширса, «халқимиз кутган иш бўлар эди», дея қўшимча қилди.