Республика бўйича 7 миллиондан ортиқ хонадоннинг 300 мингга яқини (4,1 фоиз) эҳтиёжманд хонадон ҳисобланади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева парламент юқори палатасининг бешинчи ялпи мажлиси давомида маълум қилиб ўтди.

«Пандемия сабабли мамлакатимиз иқтисодий қийинчиликларни бошидан кечираётганлигига қарамасдан, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Кам таъминланган эҳтиёжманд аҳоли рўйхати шакллантирилиб, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда», — деди Сенат раиси.

Маълум қилинишича, мамлакат бўйича 7 млн 192 мингдан ортиқ хонадоннинг 300 мингга яқини (4,1 фоиз) эҳтиёжманд хонадон ҳисобланади. Ушбу хонадонларнинг рўйхатлари маҳаллий кенгашларнинг қарорлари билан тасдиқланган.

Шунингдек, ялпи мажлиси давомида тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятлари янада кенгайтирилиши ва тадбиркорлик фаолиятини кенг тарзда қўллаб-қувватланиши натижасида 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилгани таъкидланиб ўтилди.