Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ота-оналарга мурожаат билан чиқди, дея хабар берди Сенатнинг ахборот хизмати.

Парламент юқори палатасининг раҳбари ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг таълим-тарбияси учун масъуллигини эслаб ўтиб, «бугунги ўқувчи ҳам, ота-оналар ҳам кечаги эмас», дея қайд этди

Танзила Нарбаева фарзандининг арзимаган шикояти учун мактабга югуриб келиб ўқитувчига «ташланиш»дан кўпчилик ота-оналар уялмай қўйганини ва бу эсаб ўз ўрнида, жамиятда ўқитувчи мақомининг обрўсизланишига олиб келаётганини таъкидлади.

«Ҳурматли ота-оналарга мурожаат қилмоқчиман: фарзандим ҳаётда ўз ўрнини топишда қийналмасин, мустақил фикрли, мулоҳазали инсон бўлиб вояга етсин, десангиз болангиз қалбида ўқитувчига эҳтиром ҳиссини тарбияланг ва ўзингиз ҳам устозларни эъзозланг. Ўқитувчи ўқувчи ёки унинг ота-онаси томонидан оёқости қилинадиган одам эмас, балки зиё тарқатувчи инсон, керак бўлса ҳаммадан бир поғона юқори турувчи шахсдир», — деди Сенат раиси ўз мурожаатида.

Албатта, қонунда жавобгарлик белгилаб қўйиш билан бу каби муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Бу ижтимоий онг даражасига етиши, умуммиллий ҳаракатга айланиши керак, деди Танзила Нарбаева.