15 май куни соат 14:30 ларда Қарши шаҳар Темирйўлчи маҳалласи 20-уйда содир бўлган ёнғинда унинг ичидаги икки киши вафот этди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати «Ўзбекистон 24» телеканалига таяниб хабар қилди.

Қайд этилишича, воқеа жойига етиб борган тезкор гуруҳ ўтказган суриштирув давомида кўзи кўрмайдиган ва юра олмайдиган 1-гуруҳ ногирони бўлган 80 ёшли Ж. А.нинг ўзи билан бирга яшаган ўғли, муқаддам икки марта оғир турдаги жиноятларни содир этгани учун судланган 1974 йилда туғилган ўғли Ш. А. аввалдан бўлган ўзаро келишмовчилик туфайли отаси билан жанжаллашган. Ўғил уни ўлдириш мақсадида ўзи билан олиб келган елим идишдаги бензин ёқилғисини ожиз аҳволдаги отаси ва ўзининг устига сепиб, ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлади.

Оқибатда ўзи ва отаси оғир куйишдан вафот этади.

Мазкур ҳолат юзасидан 15 май куни Қарши шаҳар прокуратураси томонидан Ш. А. га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (одам ўлдириш) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ наманганлик эркак оилавий келишмовчилик сабабли хотини ва уч боласини болта билан чопиб, турмуш ўртоғи ва тўрт ойлик қизининг ўлимига сабаб бўлган, сўнгра ўзини ўзи ёқиб юборган эди.