19 июндан Туркманистон ҳудудидан кирган иссиқ ҳаво натижасида сўнгги кунларда кузатилган салқинлик чекинишни бошлайди, дея хабар беради Ўзгидромет матбуот хизмати.

Жума куни марказий ва шарқий минтақаларда ҳаво 33−35 даражагача исийди. Бундай ҳарорат бу кун учун хос бўлган меъёрий кўрсаткичларга яқиндир. Шимолий, жанубий ва чўл зоналарида иссиқ ҳаво кучлироқ бўлиб, ҳарорат 38−40 даражага етади, бу эса меъёрдан 2−4 даражага юқоридир.

Дам олиш кунлари ва кейинги ҳафтанинг бошида иссиқ Ўзбекистоннинг бутун ҳудудини қамраб олади. Айниқса якшанба ва душанбада иссиқ бўлади. Термометр устунчаси шу кунларда 39−42 даражагача, жанубий вилоятларда ва Навоий, Бухоро вилоятларининг чўл зонасида 43−44 даражагача кўтарилади. Бу ўртача кўп йиллик қийматлардан 5−8 даражага юқоридир.

Иссиқ ҳавонинг кириши шамолнинг тезлиги секундига 15−20 метргача кучайиши билан бирга кузатилади.

Энг иссиқ июнларда Тошкентда ойнинг охирги ўн кунлиги бошида ҳаво ҳарорати 42−43 даражага етган, дея таъкидлаб ўтишади синоптиклар.