Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон биринчи президенти — Элбоши Нурсултон Назарбоевга мактуб йўллади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

«Сизнинг коронавирус касаллигига чалинганингиз тўғрисидаги хабарни чуқур безовталик ва катта хавотир билан қабул қилдим», — дейилади мактубда.

Шавкат Мирзиёев бундай синовли ва мураккаб пайтларда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини ва яқин кўмакдош эканлигини таъкидлади.

«Ҳеч шубҳасиз, қисқа фурсатларда мазкур вирусни муваффақиятли енгиб ўтиб, шифо топишингизга ва тузалиб кетишингизга ишончим комилдир», — дея қайд этди президент.

Давлат раҳбари тез орада Нурсултон Назарбоев билан кўришишга умид билдирди.

Аввалроқ хабар қилинганидек, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевда коронавирус аниқланган эди. У ўзини ўзи яккалаш тартибига амал қилмоқда ва масофадан фаолиятини давом эттирмоқда.