Бухоро вилоятидаги «Жайрон» экологик марказида туризм учун шароитлар яхшиланади, дея хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати. Қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов бу борадаги тайёргарликни кўздан кечириш учун «Жайрон» қўриқхонасига ташриф буюрди.

Қўриқхонани туризмнинг янги йўналиши сифатида ривожлантириш мақсадида бу ерда ташриф маркази ҳамда қўриқхона ва унинг тарихи ҳақида маълумот берадиган махсус музей яратилиши режалаштирилмоқда.


Қўриқхонада шунингдек боғлиқ махсус сувенирлар линияси, бренд дўконлари ҳамда тематик кафелар ташкил этилади. Марказ хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун керакли техникалар билан таъминланади, шу жумладан, автомобиль, квадроцикл, live-камералар, фотоқопқонлар ижараси йўлга қўйилади.

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, қўриқхона ҳудудида бир неча кузатув минораси ва улар бўйича махсус маршрутни яратиш режалаштирилган. Бу қўриқхонадаги жониворларни кузатиш, бутун кун давомида уларнинг ҳаёти ҳақида маълумот олиш имконини беради.

Бундан ташқари, қўриқхонанинг махсус сайти ҳам яратилиб, унда виртуал ва 3D-турлар йўлга қўйилади. Сайт фойдаланувчилари учун экомарказ ҳудудида дунёга келган жониворларга овоз бериш орқали ном бериш тизимини йўлга қўйиш ҳам режа қилинган.

Ҳозирда мактаб ўқувчилари, колледж ва ОТМ талабалари учун «Жайрон» қўриқхонасига экскурисиялар уюштириш дастури ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, маҳалла фуқаролари ва бирлашмалар учун арзон нархдаги турлар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Туризмни ривожлантириш кўмитасининг таъкидлашича, ушбу туристик инфраструктура яратилиши натижасида «Жайрон» қўриқхонаси йилига 20 мингга яқин сайёҳни қабул қилиш салоҳиятига эга бўлади.

«Жайрон» қўриқхонаси 1977 йилда ташкил топган бўлиб, Қизилқум чўлининг жануби-ғарбида, Бухоро шаҳридан 42 км масофада жойлашган. Майдони — 16, 5 минг гектар. Унинг фаолияти жайронларнинг йўқолиб бораётган ноёб турларини кўпайтиришга йўналтирилган. Бундан ташқари, қўриқхона ҳудудида жониворлар ва ўсимликларнинг бошқа турлари ҳам мавжуд, улар орасида Ўзбекистоннинг Қизил китоби ва Халқаро Қизил китобга киритилганлари ҳам бор.