Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати жума куни бешинчи ялпи мажлисда бир қатор қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни маъқуллади.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуродов тез ёрдам, ўт ўчириш хизматлари ва бошқа хизматларнинг автомашиналарига йўл бериш, уларни тез ўтказиб юбориш жараёнида бирор қоида бузилса ва видеокамераларга тушиб қолса, ҳайдовчиларимиз айбсиз айбдор бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимчалар ана шундай ҳолатларни бартараф этишга қаратилган.

«Яъни, агар ҳайдовчилар тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаларига тўсиқсиз ўтиб кетиш учун йўл бергани сабабли йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этиладиган бўлса, улар бунинг учун жавобгарликка тортилмайди. Бунда ҳайдовчининг ҳуқуқбузарлиги ўта зарур ҳолатларда содир этилган деб ҳисобланади ва маъмурий иш тугатилади», — деди у.

Сенат раиси Танзила Нарбоеванинг таъкидлашича, сўнгги икки йил ичида тез тиббий ёрдам машиналарининг ўз вақтида етиб келмагани сабабли 48 мингдан ортиқ ўлим ҳолати юз берган. Охирги уч йилда ҳайдовчилар томонидан махсус автотранспорт воситаларига йўл бермаслик билан боғлиқ 700 дан зиёд ҳолат аниқланган.

«Аслида ҳар қандай ҳолатда ҳам уларга йўл бериш керак. Бироқ уларни ўтказиб юбораман, деб бошқа ҳайдовчиларимиз айбсиз айбдор бўлиб қолмоқда. Яъни, ҳайдовчилар махсус автотранспорт воситаларини ўтказиб юбориб қоида бузса ҳам жарима тўлайди, қоидани бузмаслик учун уларга йўл бермаса ҳам жарима тўлайди», — деди Сенат раиси.

Парламент юқори палата спикери мазкур қонунни қабул қилиш муаммони ҳал қилишнинг бир қисми саналишини маълум қилди.

«Йўллардаги тартиб-интизомга фақатгина қоидабузарликни қайд этиб, жарима ундириш билан эришиб бўлмайди… Бугун қонун чиқса, эртадан бошлаб ҳайдовчиларни жазога тортиш керак эмас. Аввало, тушунтириш, ўргатиш, огоҳлантириш керак», — деди у.

Сенат маъқуллаган мазкур ўзгартишлар кучга кириши учун сўнг президент томонидан имзоланиши керак.