АҚШ президенти Дональд Трамп 17 июнь куни Хитой мансабдор шахсларига нисбатан санкция қўллаш ҳуқуқини берувчи Хитойдаги уйғур халқи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади, дея хабар берди АҚШ хукумати матбуот ҳизмати.

ХХРнинг кўпсонли уйғурлар истиқомат қилувчи Синьцзян автоном провинциясидаги уйғурлар ҳуқуқларини поймол қилаётган мансабдорларга нисбатан санкциялар қўллашни кўзда тутувчи ушбу қонун лойиҳаси май ойида АҚШ Конгрессининг ҳар иккала палатаси томонидан ҳам тасдиқланган эди.

Ушбу қонун уйғурлар ва бошқа озчиликларнинг этник ўзига хослиги ва диний эътиқодини йўқ қилиш учун одамларни лагерлардан мунтазам равишда фойдаланиш, мажбурий меҳнат ва ички назорат каби инсон ҳуқуқлари бузилиши ва суиистеъмол қилинишида айбдорларни жавобгарликка тортади, деди Дональд Трамп ўзининг расмий баёнотида.

Хитойнинг Синьцзян провинциясида 10 млн дан ортиқ уйғур истиқомат қилади. Улар мусулмон халқ ҳисобланишади ва Хитой ҳукумати уларга эътиқодлари билан боғлиқ бир қатор алоҳида талаблар қўйиб келмоқда. Масалан узун соқол, хижоб, мусулмонча исмлар ва болаларга исломий тарбия бериш каби Ислом динига эътиқод қилишга хос белгилар катъиян тақиқланган. Шу билан бирга, уйғурларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланиши ҳам чекланган ва назорат остига олинган. Расмий мансабларни эгалловчи уйғурлар учун масжидларни зиёрат қилиш, рўза тутиш, намоз ўқиш каби бир қатор ҳаракатлар тақиқланган. Шу кунгача кўплаб уйғурлар белгиланган талабларга бўйсунмаганликлари пеш қилиниб, «қайта тарбиялаш марказлари»га олиб кетилгани ва уларнинг кўпчилигининг изсиз йўқолгани маълум.

Ғарб давлатлари ва турли ижтимоий ҳаракатлар хитойлик мансабдорларнинг Синьцзян мусулмонларига бўлган муносабатларини танқид қилиб келади. Пекин эса бунга жавобан «қайта тарбиялаш марказлари»да уйғурлар ўзларига яхши иш топа олишлари учун керакли кўникмаларга эга бўлишади, дея муносабат билдириб келади.

2018 йил август ойи охирида БМТнинг ирқчиликни йўқ қилиш қўмитаси миллионга яқин этник уйғурлар Синьцзян-Уйғур автоном ҳудудидаги «қайта тарбиялаш марказлари»да бўлиши мумкинлигини маълум қилган эди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақда муносабат билдирган ва ушбу маълумотларнинг ҳақиқатдан йироқ эканлигини айтган.