15 июнь куни Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги «Сангзор-15» йўл-патруль хизмати масканида пойтахтга олиб кетилаётган 1679 кг сифатсиз гўштни тўхтатиб қолишди, дея хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Вилоят ИИБ ППХ ва жамоат тартибини бошқармаси ходимлари томонидан Kia Bongo русумли юк машинаниси тўхтатиб текширилганида, автоулов юкхонасида ҳужжатларсиз 1679 кг гўшт олиб кетаётгани аниқланди.

Суриштирув давомида Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи 1988 йилда туғилган ҳайдовчи гўштни Тошкент шаҳрида номаълум шахслар қабул қилиб олиши кераклигини, лекин маҳсулотнинг нима мақсадда ишлатилишини билмаслигини маълум қилади.

Қоп ва полиэтилен халталарга жойланган кўланса ҳидли ушбу гўшт таркибидан бирорта ҳам суяк топилмаган. Бу эса этнинг қайси ҳайвонга мансублигини аниқлашни қийинлаштиради. Аммо маҳсулот қорамол, қўй ва эчкига тегишли эмас, деган хулосага келинган.

«Аслида ташилаётган ҳар қандай гўшт ветеринар кўригидан ўтказилиши ва бу тўғрида маълумотнома берилиши лозим. Яъни, ветеринар этнинг сифатли экани, вируслар билан зарарланмаганини кафолатлаши шарт. Шунингдек, гўшни етказиб берувчи ва олувчи тадбиркорлик субъектлари ўртасида шартнома тузилиши зарур», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, бир қатор кимёвий тозалашлардан сўнг энг сифатсиз гўштни ҳам тайёр ёки ярим тайёр айлантириш мумкин.
Айни вақтда гўшт Жиззах шаҳридаги музхонада сақланмоқда. Мутахассислар маҳсулотнинг сифатини аниқлаш, хусусан, касаллик уйғотувчи омиллар бор-йўқлигини нуқтаи назаридан таҳлил ўтказишмоқда. Пировардида сифатсиз гўштларни йўқ қилиш кўзда тутилган.

ИИВ матбуот хизмати аввалроқ Зомин туманидаги «Яккабоғ-15» йўл-патруль хизмати масканида ҳам пойтахтга олиб кетилаётган 1 710 кг сифатсиз гўштни тўхтатиб қолинганини эслатиб ўтди.