7 июнь куни Қашқадарё вилояти Косон туманида безорилик жинояти содир этилди, дея хабар берди (видео) ИИВ матбуот хизмати.

Кундуз куни, соат 14:00 чамаси туманнинг Пахтазор маҳалласида яшовчи Ҳасан Полвонов ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Суҳроб Рўзиевни кўриб қолади. Унинг олдига келиб: «Нега менга бундай қараяпсан, дейди ва уни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилади.

«Бу ҳам етмагандек, Ҳасан Полвонов яшаш уйидан „Макаров“ кўринишидаги тўппончасини олиб чиқади ва ундан Рўзиевга қарата бир неча маротаба ўқ узиб, унинг ўнг қулоқ соҳасига тан жароҳати етказади. Шунингдек, қуролнинг қўндоғи билан Рўзиевнинг бошига ҳам бир неча маротаба уради», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатда Ҳасан Полвоновнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «в» бандида (безорилик; совуқ қурол ёки кишининг соғлиги учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб) назарда тутилган жиноятлар мавжудлиги сабабли жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.