Коронавирус пандемияси эълон қилингунига қадар дунё бўйлаб бир суткада 181 мингта авиарейс амалга оширилган бўлса, ҳозирда жаҳон ҳаво транспорти аста-секин қайта йўлга қўйилаётгани натижасида бир кеча-кундузда 118 мингта рейс уюштирилган. Яъни авиақатновларнинг 65 фоизи қайта йўлга қўйилган. Бу ҳақда Flightradar нинг статистик маълумотларида айтиб ўтилган.

Апрель ойида жаҳон бўйича суткасига 64 мингдан ортиқ рейслар амалга оширилган бўлса, май ойида жаҳон авиацияси бу кўрсаткични 93 мингтагача кўтара олди. Июнь ойининг ярмига келиб бир кеча-кундузда 118 мингта рейс кўрсатгичига чиқилган. Бу эса апрель ойининг ўрталаридаги натижадан икки марта баландроқ.

Июнь ойидан бошлаб бир қатор мамлакатлар ҳалқаро авиақатновларни тиклай бошлади.15 июндан Украина ва Миср давлатлари мамлакат ташқарисига авиарейсларни амалга ошира бошлади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳам 15 июндан бошлаб санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган давлатларга авиақатновларни тиклади.

Эслатиб ўтамиз, 20 дан ортиқ авиакомпаниялар Ўзбекистонга авиақатновларни қайта йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдиришган эди.