Коронавирус пандемияси муносабати билан карантин чекловлари жорий этилган давр мобайнида Тошкентдаги ФҲДЁ органлари томонидан 3270 та никоҳ қонуний қайд этилди. Бу ҳақда ЎзА Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, пандемия даврида ҳам аҳолига ўз вақтида ҳуқуқий хизмат кўрсатиш мақсадида никоҳни рўйхатга олиш жараёнлари карантин қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилган. Никоҳга кириш ҳақидаги аризаларни онлайн тартибда юбориш имконияти йўлга қўйилгани боис ФҲДЁ бўлимларида одамларнинг тўпланиши ва турли хил навбат кутишларнинг олди олинмоқда.

Айни пайтда пойтахт ҳудудида жами 15 та ФҲДЁ органи, шундан 11 та ФҲДЁ бўлими, 4 та никоҳ уйлари фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиб келмоқда.