Соғлиқни сақлаш вазирлиги 18 июнь куни аҳоли орасида аниқланган 15 та ҳолат юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, 15 нафар бемордан 9 нафари Тошкентда аҳоли орасида қайд этилган. Жумладан, улар орасида Вазирлар Маҳкамасининг икки нафар ходимида ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Ҳозирги пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 июнь куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган 189 нафар бемордан 13 нафари аҳоли орасида бўлиб, бунда Тошкент шаҳрида 5 нафар, Бухоро вилоятида 3 нафар, Тошкент вилоятида ҳам 3 нафар, Сурхондарё вилоятида эса 2 нафарни ташкил этгани ҳақида маълум қилди.

«Тошкент шаҳри ички ишлар тизими терговчисида, Миробод туманида яшовчи фуқарода (иккаласида ҳам тана ҳарорати кўтарилган ва томоқда оғриқ кузатилганлиги сабабли ўзлари бориб намуна топширган), „Ўзбекистон ҳаво йўллари“ АЖнинг 2 нафар мутахассисида (ишга чиқиш учун намуна топширган) касаллик қайд этилган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Халқ банки филиали ходими ва унинг онасида, Сирдарё вилоятидаги электр станцияси ишчиси ва унинг ўғлида (тана ҳарорати кўтарилган ва Бекобод туманидаги шифохонага ётқизилган), Чирчиқ туманида яшовчи фуқарода (тана ҳарорати кўтарилган ва тез тиббий ёрдам хизмати орқали юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган), Бухоро вилояти кўз касалликлари шифохонасининг 3 нафар тиббиёт ходимида ҳам инфекция аниқланган.