Аввал хабар қилинганидек, 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан 22 фоизга камайган, бироқ чақалоқлар савдоси 38 фоиздан 43 фоизга ошган. Сенат раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева мазкур жиноятларга оид бошқа маълумотларни ҳам ошкор қилди.

Қайд этилишича, 2019 йилда Сирдарё ва Хоразм вилоятларида 5 тадан, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ва Тошкент шаҳрида 4 тадан, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Андижон, Навоий вилоятларида 3 тадан чақалоқ савдосига оид жиноят содир этилган.

Мазкур йўналишдаги жиноятлар 72 киши томонидан амалга оширилган бўлса, уларнинг 62 нафари (86 фоизи) — аёллардир.

«Чақалоқни сотиш сабаблари ўрганилганда, 19 та ҳолатда оилавий шароитнинг оғирлиги, болани боқишга имкон йўқлиги, 3 та ҳолатда уй-жой олиш, 9 та ҳолатда ўз айбини яшириш ва 10 та ҳолатда моддий манфааат учун учун бунга қўл урилгани маълум бўлмоқда», — деди у.

Танзила Нарбаева чақалоқлар савдосида воситачиларнинг учдан икки қисми (32 фоиз) тиббиёт ходимлари эканини таъкидлади.

«Одам савдосида фақатгина аёллар ёки бир киши айбдор эмас. Унга шароит яратиб бераётган, шу нарсага ундаётган муҳит ҳам борлиги маълум. Бундай ҳолат ўзбек жамияти учун мутлақо хос эмас. Шунинг учун юу масалага бошқача ёндашишимиз керак», — деди Сенат раҳбари.

Сенатор Ўзбекистонда аввал ҳам одам савдоси ҳолатлари бўлгани, бироқ мавзу ёпиқлиги боис бу ҳақда маълум қилинмаганини таъкидлаб ўтди.