17 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев «Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорини қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қарорга мувофиқ, 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ташкил этилади.

Мазкур кенгашлар Давлат божхона қўмитаси, Давергеодезкадастр, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида ўз фаолиятини бошлайди.

Таъкидланишича, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмаслиги қайд этилади.

Қарор билан Апелляция кенгашининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўриш;
  • мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда расмий шарҳлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўриш;
  • мурожаатни кўриб чиқишда аниқланган қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш.

Шунингдек, қарорда Апелляция кенгашининг таркиби тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан 2,5 йил муддатга тасдиқланиши кўзда тутилган. Бунда, Апелляция кенгаши 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда тузилиши мумкин.

«Апелляция кенгаши аъзолигига амалий тажрибага ва обрў-эътиборга эга давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, соҳада катта амалий тажриба ёки илмий салоҳиятга эга бўлган обрўли фуқаролар қабул қилинади. Бунда, давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ёки ходимлари ҳисобланмаган Апелляция кенгаши аъзолари жами Кенгаш аъзоларининг бешдан бир қисмидан ошиб кетмаслиги лозим», — дейилади президент қарорида.

Қайд этилишича, Апелляция кенгаши унда кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий тусга эга бўлган хулоса қабул қилади. Апелляция кенгаши томонидан қабул қилинган хулоса 3 кун муддатда давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш учун, бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборилади.

Мазкур қарорга кўра, Апелляция кенгашининг хулосасини қабул қилиб олган давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари уни инобатга олиши ёки ёзма асослантирилган тарзда рад этиши мумкин. Бунда, давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қабул қилинган қарор тўғрисида 3 кун муддатда Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилади.

Қарор билан Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгаши тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Медиация ва Низоларни муқобил усулда ҳал этиш марказлари

Бундан ташқари, қарорда нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида қуйидагиларни ташкил этилишига ва фаолият юритишига рухсат берилди:

  • низоларни муқобил усулда ҳал этиш билан шуғулланувчи профессионал медиаторларнинг ўзаро бирлашувига асосланган Медиация маркази;
  • профессионал медиаторлар, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ўзаро бирлашувига асосланган Низоларни муқобил усулда ҳал этиш маркази.

Марказлар тингловчиларга таълим беришни ташкиллаштириш учун шартнома асосида олий таълим муассасаларининг малакали педагогларини, шунингдек, миллий ва хорижий медиатор, ҳакамлик судьялари ва арбитрларни ҳамда вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларини ва етакчи хорижий медиация ва арбитраж марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши, низоларни муқобил усулда ҳал этиш соҳасида тажриба алмашиши, шунингдек, низоларни ҳал этишга хорижий медиаторлар ва арбитрларни жалб этиши мумкин.

Шунингдек, марказлар медиация, ҳакамлик суди ва халқаро арбитраж фаолияти юзасидан адлия органларига ҳисоботлар топширишдан озод этилади ва олий маълумотга эга раҳбарни қўшиб ҳисоблаганда камида беш нафар ходимга эга бўлишлари керак бўлади.

Қарорга кўра, Тошкент давлат юридик университети ва Юристлар малакасини ошириш маркази муассислигида Тошкент медиация маркази ташкил этилади.

Тошкент шаҳрида 1 июлдан бошлаб, эксперимент тариқасида, давлат хизматлари марказлари биноларида низолашувчи фуқароларга медиатор хизматидан фойдаланиш учун алоҳида хоналар ажратилади.

Экспериментнинг ижобий натижалари асосида 2021 йил 1 апрелга қадар ушбу амалиёт барча давлат хизматлари марказлари биноларида татбиқ этилади.