Сурхондарё вилоятининг маркази Термиз шаҳри кириб-чиқиш учун ёпилди. Айни пайтда вилоятда 4118 нафар фуқаро карантинга олинган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов аҳолига йўллаган мурожаатида маълум қилди.

Сурхондарё вилоятида коронавирус билан боғлиқ бир қатор вазиятлар кузатилди. Шу жумладан, Сурхондарё Музработ туманида карантин пайтида тўй ўтказиш қоидалари бузилиши оқибатида 250 нафардан ортиқ одам карантинга олинди.

Ундан ташқари, Сурхондарё вилояти ташкилотларининг бирида фолият юритувчи ходим Тошкент шаҳрида хизмат сафарида бўлиб қайтган инфекция юқтирган бемор ишга чиқиб, ҳамкасабларига касаллик юқишига сабабчи бўлган. Бунинг натижасида ушбу бемор билан мулоқотда бўлган 300 нафардан ортиқ фуқаро бугунги кунда карантинга олиниб, 9 нафарининг ушбу касалликка чалинганлиги тасдиқланган. Яна бир нечта фуқарода ушбу касаллик гумон қилинмоқда. Бунга сабаб ушбу муассасада ходимларнинг ишга келишида термометрия қилинмаганлиги, антисептик воситаларидан фойдаланилмаганлиги, 2 метрлик ижтимоий масофа сақланмаганлиги, ниқоб тақиш ва дезинфекция ишлари амалга оширилмаганлиги, — дейди Тўра Боболов.

Сурхондарё вилоятида айни кунларда 4118 нафар фуқаро карантинга олингани, уларнинг 298 нафари тиббиёт муассасаларида, 678 нафари сиҳатгоҳ ва махсус биноларда, 3142 нафари эса ўз уйларида кузатувда бўлиб тургани маълум қилинди.

«Минг афсуски, вилоятдаги айрим раҳбар ва ходимларнинг, фуқароларимизнинг карантин қоидаларига қатъий риоя қилишдаги эътиборсизлиги коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг кескинлашувига сабаб бўлмоқда. Энг ёмони — коронавирус инфекцияси аҳоли орасида аниқланяпти. Улар касалликни айнан қаерда юқтирганини, касаллик манбаини аниқлаш қийин бўляпти», — дейди Тўра Боболов ўз мурожаатида.

Кузатилаётган эпидемик вазият ҳисобга олиниб, 16 июндан — Термиз шаҳрига кириб-чиқишни тўхтатилган ва бир қатор юмшатишлар бекор қилинган.

Маълумот учун, 17 июнь куни Ўзбекистонда қайд этилган 62 та янги касалланиш ҳолатининг 6 таси Сурхондарё вилоятида аниқланган.