17 июнь куни тонгги 5:30 атрофида Самарқанд шаҳар Буюк Ипак йўли кўчасида жойлашган «Самарқанд бахт текстил» МЧЖга қарашли бахмал ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» канали ФВВ матбуот хизматига таяниб хабар қилди.

Маълум қилинишича, цехнинг ёпиқ биноси ичидаги 200 кв м майдонда сақланаётган иккиламчи хом ашё чиқиндилари ва бахмал ишлаб чиқариш дастгоҳлари ёнган.

Воқеа жойига ўт ўчириш жанговар бўлинмалари ҳодиса жойига 5:45 да етиб борган ва соат 6:30 да ёнғин бартараф этилган.

Умумий ҳисобда 6 та ўт ўчириш гуруҳи ва 2 та қўшимча сув ташувчи техника сафарбар этилган.

«Ўз вақтида кўрилган чоралар сабаб бахмал цехининг тахминан 800 кв м майдони, тайёр маҳсулот ва ишлаб чиқариш дастгоҳлари ёнғиндан сақлаб қолинган.

Айни пайтда воқеа сабаблари ва унинг натижасида кўрилган моддий зарар кўлами ўрганилмоқда.