Коронавирус ҳолатлари аниқлангани сабабли Тошкентдаги «Малика» савдо мажмуаси, Юнусобод деҳқон бозори ва Учтепа туманидаги «Ўрикзор» савдо комплекси фаолияти тўхтатилди, дея хабар қилди Тошкент ИИББ матбуот хизмати.

Бундан ташқари, шаҳардаги 71 та маҳалла эпидемиологик нуқтаи назардан «қизил» ҳудудга киритилиб, у ерларда Коронавирусга қарши республика махсус комиссияси баённомаси билан белгиланган чоралар қўлланилади.

«Мазкур маҳаллаларга кириш ва чиқиш жойлари ёпилади ва стационар постлар ўрнатилиб, у ерда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари, Миллий гвардия хизматчилари ва санитария-эпидемиология назорати хизмати ходимлари навбатчилик қилишади. Маҳаллалар ҳудудларида суткалик навбатчилик ташкил қилинади ва қатъий назорат ўрнатилади», — дейилади хабарда.

Тошкент ИИББ «қизил» ҳудудда яшовчи фуқароларга уйдан фақат озиқ-овқат ва дори маҳсулотларини харид қилиш учун чиқиш мумкинлигини эслатиб ўтди. Шу билан бирга албатта тиббий ниқоб тақиш зарур.

«Барчамиз ҳолатнинг жиддийлигини англаб, санитария-эпидемиология қоидаларига масъулият билан ёндашишимиз керак. Ўз соғлиғингизни ва яқинларингизнинг саломатликларини хавф остига қўйманг. Оддий ниқоб ҳам вирус ташувчи ва атрофдагилар орасида яхши тўсиқ вазифасини ўташини унутманг», — дейилади баёнотда.

Эпидемиологик хавф бўйича «қизил» тоифага киритилган Тошкент маҳаллалари (туманлар бўйича) рўйхати:

Миробод тумани: «Файзобод»;

Мирзо Улуғбек тумани: Х. Абдуллаев номидаги, «Оққўрғон», «Авайхон», «Янги Авайхон», «Шўртепа»;

Юнусобод тумани: «Тикланиш», «Туркистон», «Халкабоғ», «Ифтихор», «Нурмакон», «Оқтепа», «Шарқ ҳақиқати», «Собиробод»;

Яшнобод тумани: «Кўксарой», «Қўйлиқобод», «Гўзал», «Машинасозлар», «Тонг», «Катта-Қўйлик», «Ўрта Масжид»;

Учтепа тумани: «Боғистон», «Нишабарик», «Дегрез», «Такачи», «Хайратий», «Ўрикзор», «Кўркамобод»;

Яккасарой тумани: «Муқимий», «Қушбеги»;

Шайхонтоҳур тумани: «Шодлик», О. Хужаев номидаги, «Боғкўча», «Камолон», «Чақар», «Жангоҳ», «Янги Белтепа», «Гулобод», «Зафаробод», «Эшонгузар»;

Сергели тумани: «Ҳабибий», «Янги Сергели», «Эзгулик», 8-чи ва 9-чи саноат ҳудудлари;

Олмазор тумани: «Шодиёна», «Истиқбол», «Ниҳол», «Ёшлик», «Чиғатой Оқтепа», «Гулзор», «Аҳил», «Гуруч ариқ», «Ислом ота», «Чуқурской», «Себзор», «Хончорбоғ», «Қуштут», «Эски шаҳар», «Университет», Мирзо Ғолиб номидаги, «Аллой», «Олимпия», «Шифокорлар»;

Бектемир тумани: «Бинокор», «Абай»;

Чилонзор тумани: «Қатортол», «Катта Қозиробод», «Катта Чилонзор-2», «Гулистон», «Якка тут».

10 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентилиги 42 та маҳалланинг «қизил» ҳудудга киритилганини маълум қилган эди.

Интерактив харитадан маҳаллар жойини билиш мумкин.