16 июнь куни АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатда полиция хизматини ислоҳ қилиш тўғрисидаги ижроий қарорни қабул қилди, дея хабар беради Оқ уйнинг матбуот хизмати.

Таъкидланишича, «Хавфсиз жамоалар учун хавфсиз полиция тўғрисидаги» қарор полиция идоралари томонидан ҳибсга олиш пайтида маҳбусни бўғиш тақиқланишига ва умуман можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш амалиётидан фойдаланишга ундайди.

Қарорда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ходимларини ўқитиш учун федерал грантлар ажратилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, полиция обрўсига путур етказадиган ходимларни ёллашдан сақланиш учун турли шаҳарларда полиция ва ижтимоий хизматлар ўртасида янада яқин муносабатлар ўрнатилади.

«Биз ҳар қандай ирқ, дин, ранг ва эътиқодга мансуб америкаликларга хавфсиз келажакни таъминлаш учун тарихий қадамни қўймоқдамиз. Бу катта қадам, жуда катта — илгари қўйилмаган қадамдир», — деди Трамп қарорни имзолаш маросимида.

Шунингдек, Трамп полицияни янада ислоҳ қилиш учун АҚШ Конгресси билан ишлашга тайёрлигини айтди ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги бюджетни қисқартириш ва айрим маҳаллий полиция бўлимларини тарқатиб юборишга қаршилигини маълум қилди.

Эаслатиб ўтамиз, АҚШда Жорж Флойднинг ўлимидан сўнг бир неча ҳафта давомида ирқчилик ва полициянинг ўзбошимчалигига қарши оммавий намойишлар давом этмоқда. Намойишлар афроамерикалик Жорж Флойднинг оқ танли полициячи қўлида ўлим топганидан сўнг бошланган эди.