Олий таълим вазирлиги ахборот хизмати абитуриентлар ўқишга кириш учун ҳужжатларни онлайн тарзда топшириши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Бунда абитуриентлар учун уйдан чиқмаган ҳолда мобиль телефон ёки компьютер ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилди.

«Газета.uz» Давлат тест марказининг расмий abitur.dtm.uz веб-сайти орқали рўйхатдан ўтиш бўйича қўлланмани тақдим этади. My.gov.uz сайти орқали рўйхатдан ўтиш учун мақола сўнгида видеоинструкцияни ҳам кўришингиз мумкин.

Тизимга кириш

Абитуриентлар abitur.dtm.uz сайти орқали рўхатдан ўтади. Тизимга кириш учун телефон рақам ва махфий калит сўзни киритиш керак.


Фото: Давлат тест маркази YouTube-каналидан олинган

Телефон рақам етти рақамли форматда киритилади ва саккизта белгидан кам бўлмаган калит сўз киритилиб, «Кириш» тугмаси босилади. Шундан сўнг, киритилган телефон рақамига махсус СМС-код келади ва у беш дақиқа ичида киритилиб, тасдиқланиши керак.


Шахсий маълумотларни киритиш

Тизимга киргандан сўнг паспорт маълумотларини тўлдириш сўралади.


Биринчи сатрда абитуриент ўзининг идентификация рақамини киритиши керак. Идентификацион рақам паспортнинг пастги қисмида жойлашган ва 14 та рақамдан иборат.


Идентификацион рақамнинг паспортда жойлашиши. Фото: Spot.uz


Кейинги қаторларда паспорт серияси, паспорт рақами ва абитуриент миллати киритилади. «Шахсий маълумотларимдан фойдаланишга розиман» бўлимини тасдиқлаб, «Сақлаш» тугмасини босиш керак.


Кейинги босқичда абитуриент тугатган таълим муассасаси ҳақидаги маълумотларни тўлдиради: муассаса тури, давлат, вилоят, туман, муассаса номи, таълим муассасасини тугатган йили, ҳужжат серияси ва рақами.

Агар абитуриентда имтиёзлар бўлса

Агар абитуриент имтиёзга эга бўлса, шахсий маълумотларни киритиб бўлгач, бош саҳифада жойлашган «Имтиёзлар 2020» бўлимида ўз имтиёзлари ҳақидаги маълумотларни киритиши мумкин.

Имтиёзлар бўлимида ногиронлиги бўлган шахслар, ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга, кўзи ожизлар, чет тили сертификатига эга абитуриентар ўз имтиёзларини киритади. Бошқа турдаги имтиёзлар тегишли идоралардан олинган маълумотлар асосида тўлдирилади.


Чет тили сертификатини киритиш намунаси:


Агар абитуриент чет тили сертификатига эга бўлса қўйидаги маълумотларни тўлдириши керак: ҳужжат серияси ва рақами, ҳужжат берилган сана, амал қилиш муддати, чет тили тури, сертификат тури, даражаси ва ҳужжат расми. Сўнг, «Сақлаш» тугмасини босиш керак.

ОТМ танлаш

Шахсий маълумотлар ва, агар мавжуд бўлса, имтиёзлар тўғрисидаги маълумотларни киритиб бўлгач, абитуриент ОТМларни танлаш мумкин.


Суратда фақат учта йўналиш кўрсатилган. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар беришича, абитуриентлар бешта йўналиш танлашлари мумкин.

Йўналиш танлаш қўйидагича амалга оширилади:

  1. Таълим шаклини танланаш: кундузги, сиртқи ёки кечги.

  2. Таълим тилини танлаш: ўзбекча, русча, қорақалпоқча.

  3. Тест топшириш графикасини танлаш: лотинча ёки кириллча.

  4. Биринчи танлаган ОТМга ва йўналишга қараб, мос бўлган яна тўртта ОТМ ва уларнинг йўналишини танлаш имкони берилади.

  5. Тест топшириш ҳудуди: абитуриент тест топшириш учун ўзига қулай бўлган вилоятни танлайди.

  6. «Сақлаш» тугмаси босилади.

Кейин рўйҳатдан ўтиш пайтида кўрсатилган телефон рақамига махсус СМС-код келади ва уни қўйидаги бўлимга киритиш керак:


Шундан сўнг, абитуриент қайд варақаси шаклланади.

Агар абитуриент тизимга кириш паролини йўқотиб қўйса, паролни тиклаш бўлими орқали паролини тиклаши ёки ўзгартириши мумкин.


Инвойс тўлов

Тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентларнинг тест синовларида иштирок этиши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида, (ҳозирда 111 500 сўм) тўлов амалга ошириш керак бўлади. Ариза тўлдирилгач, абитуриент қайд варақасининг қуйи қисмида инвойс ҳосил бўлади ва тўловни белгинган муддатда тўлаш шарт. Тўловни электрон тўлов тизимлари (click, payme, upay, paynet ва бошқалар) ёки банк кассалари орқали амалга ошириш мумкин.


Ногиронлиги бўлган ёки давлат таъминотидаги шахслар бу тўловни амалга оширмайди.

Маълумотлар тўлиқ ва тўғри киритилгач, телефон рақамига «Сиз рўйхатдан ўтдингиз» мазмунида смс-хабар келади.

Абитуриент рўйхатдан ўтиш муддати тугагунга қадар (20 июлгача) имтиёзларини, танлаган таълим йўналишларини, доимий яшаш манзилини ва тугатган таълим муассасасини ўзгартириши мумкин.

Давлат тест марказининг онлайн ҳужжат топшириш бўйича видео қўлланмаси:

My.gov.uz сайти орқали

ОТМларга ҳужжатларни интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали топширса ҳам бўлади — my.gov.uz.