Дексаметазон дори воситаси оғир аҳволдаги коронавирус беморлари орасида ўлим даражасини камайтира олган илк дори воситаси деб топилди. Бу ҳақда ЖССТ сайтида эълон қилинди.

Оксфорд университети олимлари олиб борган тадқиқотларга кўра, мазкур дори воситаси ўпкани сунъий вентиляция қилишга мухтож беморларда касалликнинг ўлим билан якунланишини 30 фоизга ва кислород билан даволаниши лозим бўлган беморларда эса ўлим ҳолатини 20 фоизга камайтириши аниқланди.

ЖССТ Бош директори Тедрос Гебреисус коронавирусни дексаметазон билан даволаш усулини илм-фаннинг катта ютуғи деб атади.

Дексаметазон препарати аслида стероид ҳисобланиб, 1960-йиллардан бери яллиғланишга қарши восита сифатида ишлатиб келинади. 1977 йилдан эса ЖССТнинг асосий даволаш воситалари намуналар рўйхатига киритилган ва ҳозирда кўплаб мамлакатларда патентланган.

Таъкидланишича, ушбу дори ҳозирда фақат оғир аҳволдаги беморларга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ҳозирги пайтда ЖССТга ушбу препарат бўйича фақат илк тадқиқот натижалари маълум. Ташкилот дексаметазонни қўллаш ва унинг коронавирусни даволашда умумий таъсири борасида хулосага келиб, у бўйича йўриқномани ишлаб чиқиш учун тадқиқотларнинг тўлиқ натижаларини кутмоқда.