17 июнь куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Олий Мажлис Сенати раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева олиб борган ушбу мажлисда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг амалга оширган ишлари ва келгусидаги вазифалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Миллий маърузачи томонидан тайёрланган одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида 2019 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборотда қайд этилган таклифларни амалиётга татбиқ этиш бўйича Йўл харитаси лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалаларига оид миллий қонунчилик такомиллаштирилди. Хусусан, 2019 йилнинг ўзида мазкур йўналишлардаги фаолиятни тартибга солиш мақсадида 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Бундан ташқари, ХМТ ва Халқаро миграция ташкилотининг 6 та Конвенция ҳамда протоколлари ратификация қилинди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу билан бирга, халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни янги таҳрирда ишлаб чиқилди.

Таъкидланишича, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида профилактик ва ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 22 фоизга камайган. Мажбурий меҳнатга йўл қуйган 259 нафар ҳамда иш ҳақларини ўз вақтида бермаган ва меҳнат шароитлари яратмаган 56 нафар мансабдор шахсга қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жарималар қўлланилган.

Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш, уларни реабилитация қилиш ҳамда хорижда фуқароларимиз манфаатини ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2019 йилда 220 нафар одам савдоси жабрдийдаларига Республика реабилитация марказида тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 113 нафари ишга жойлаштирилган. 3 минг 938 нафар фуқаро чет элда иш билан таъминланиб, иш ҳақини вақтида ололмаган меҳнат мигрантларининг 530 минг долларга яқин иш ҳақлари ундириб берилган.

Бундан ташқари, ХМТ билан ҳамкорликда 2019 йилда пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш юзасидан учинчи томон мониторинги, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан миллий мониторинг ўтказилди. Унинг натижаларига кўра, Ўзбекистонда пахтачиликда тизимли равишда болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга барҳам берилган.

Мажлисда бу борада амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда ҳал этилиши лозим бўлган айрим муаммолар ҳам мавжудлигига урғу берилди. Хусусан, бугунги кунда айрим маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг қуйи тузилмалари раҳбарлари томонидан ходимларни ўз функционал вазифаларига кирмайдиган меҳнат турларига мажбурий жалб қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Тадбирда қуйи бўғинда ишлар самарадорлиги сустлиги, биргина ўйланмаган ҳаракат оқибатида одамларга зарар етаётгани, бу эса давлат имижига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан камайган бўлсада, бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар орасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар юқорилигича қолаётгани ҳам муҳокама марказида бўлди. Хусусан, 2018 йилда содир этилган одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг 38 фоизини чақалоқ савдоси ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 43 фоизга етган.

Шу билан бирга, одам савдоси билан боғлиқ мурожаатлар ҳал этилишининг қонунийлиги ҳамда ушбу турдаги жиноятларнинг аниқланиши ва судларда кўрилиши, жазо муқаррарлиги тамойили таъминланиши механизми самарали йўлга қўйилмагани тўғрисида сўз юритилди. 2019 йилда одам савдоси жинояти билан боғлиқ келиб тушган 710 та мурожаатдан 94 таси, яъни 13 фоизи бўйича жиноят иши очилган.

Бундан ташқари, мажлисда ушбу Йўл харитаси доирасида амалга ошириладиган ишлар тўғрисида сўз юритилди. Жумладан, «Миграция тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, «Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида"ги кодекси лойиҳасини халқаро экспертлар, фуқаролик жамияти вакилларини жалб қилган ҳолда янада такомиллаштириш, Халқаро меҳнат ташкилотининг 17, 183, 187-сон Конвенцияларини ратификация қилиш масаласини кўриб чиқиш режалаштирилган ва мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш назарда тутилган.

Муҳокамалардан сўнг мазкур Йўл харитаси тасдиқланди.