Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси оқдарёлик ҳайдовчи асоссиз жаримага тортганлиги ва у ҳақиқат излаб идорама-идора югуришга мажбур бўлгани туфайли туман маъмурий суди ИИБ ЙҲХБдан ҳайдовчининг фойдасига 1,5 млн сўм маънавий зарар ундирилиши тўғрисида қарор чиқарди.

Қайд этилишича, 2018 йил 17 май куни Анвар (исм ўзгартирилган) бошқариб келаётган Damas автомашинасини Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчасига киришда вилоят ИИБ ЙҲХБ ходими тўхтатади.

У ҳайдовчига «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 194 ва 56-бандларида кўрсатилган талабларни бузиб, сидирға чизиғи устида ҳаракатлангани учун маъмурий баённома расмийлаштиради. Оқдарё тумани ИИБ ЙҲХБ унга нисбатан МЖтК 128-моддасига асосан 86120 сўм маъмурий жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган.

Ўз ўрнида, Анвар унга нисбатан тайинланган жарима тўлашга мажбуриятидан норози бўлиб, туман маъмурий судига шикоят аризаси билан мурожаат қилади. Суднинг ҳал қилув қарори билан юқорида келтирилган жарима тайинлаш ҳақидаги қарор бекор қилинади.

«Шундан сўнг, Анвар жарима қайтарилмаганлиги, ИИБ ЙҲХБ раҳбарияти ва бошқарма ходимининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида у ҳақиқат излаб идорама-идора югуришга мажбур бўлгани, фуқаролик ҳақ-ҳуқуқларини оёқ ости қилишлари оқибатида жуда катта маънавий зарар етгани, асаблари сурункали равишда бузилиб, соғлиғини йўқотгани учун фуқаролик судига даъво аризаси мурожаат қилиб, моддий ва маънавий зарарни ундиришни сўрайди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, низо бошидан Анвар тузилган маъмурий баённома юзасидан ўз ҳуқуқларини талаб қилган ва у тегишли маъмурий баённомага эътирозларини ёзмоқчи бўлган, бироқ унга бундай имконият берилмаган.

Оқдарё тумани маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан юқорида келтирилган ҳолат бўйича Анвар асоссиз равишда, шошма-шошарлик билан маъмурий жазога тортилганлиги сабабли унга нисбатан тайинланган жарима жазоси бекор қилиниб, иш юритиш тўхтатилган.

Кассация инстанцияси суди Анварга ғайриқонуний маъмурий жазо тайинланиб, асоссиз равишда жаримага тортилганлиги оқибатида у маънавий қайғуриш ва ноқулайликни бошидан кечиргани, жаримани тўлаб моддий зарар кўрганини инобатга олиб, жавобгар Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБдан даъвогар Анвар фойдасига 86120 сўм моддий зарар, 1,5 млн сўм маънавий зарарни ундиришни белгилади. Шунингдек, 608,2 минг сўм дастлаб тўланган давлат божи, 16190 сўм почта харажати ҳам ИИБ ЙҲХБдан ундириладиган бўлди.