1996 йил қабул қилинган «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида» ги қонунга қўшимча киритилиши кутилмоқда. Бу ҳақдаги тегишли қонун лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланди.

Лойиҳада таъкидланишича, бугунги кунда шифокорлар томонидан беморларга дори воситаларини нооқилона тайинланиши ва дори воситаларининг тайинланишида фармацевтик ташкилотлардан манфаатдор бўлиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Ушбу муаммонинг олдини олиш мақсадида мазкур қонун лойиҳаси билан тиббиёт ходимлари томонидан муайян дори воситаларини тайинлаш ва бериш учун фармацевтика ташкилотлари ва дорихоналардан молиявий мукофотлар ёхуд моддий ёки номоддий кўринишдаги ҳар қандай бошқа рағбатлар олишига тақиқ қўйишни белгилашга қаратилган қўшимчалар киритилиши кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, энг асосий қўшимча, бу — тиббиёт ходимларининг касбий фаолиятидаги чекловларнинг аниқ белгиланишидир. Бунда, тиббий муассасалар раҳбарлари ва тиббиёт ходимларига қуйидагилар таъқиқланади:

  • дори воситаларининг савдо номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган, дори воситаларини ишлаб чиқариш ва (ёки) сотиш билан шуғулланувчи ташкилотлар, дори воситалари ва тиббий буюмларни улгуржи реализация қилишни амалга оширувчи ташкилотлар, дорихоналар, уларнинг филиалларидан ҳамда уларнинг номидан фаолият юритувчи вакиллар ёки бошқа жисмоний ва юридик шахслардан молиявий мукофотлар, моддий ва номоддий кўринишдаги ҳар қандай рағбатлар олиш;
  • фармацевтика ташкилотлари ҳисобидан амалга ошириладиган кўнгилочар тадбирларда иштирок этиш ёки саёҳат қилиш;
  • фармацевтика ташкилотлари, дорихоналар ва уларнинг вакиллари билан дори воситаларини тайинлаш ёки беморларга тавсиялар бериш бўйича шартномалар тузиш;
  • фармацевтика ташкилотлари ва уларнинг вакилларидан дори воситалари намуналари ва тиббий буюмларни олиш, шунингдек дори воситалари ва тиббий буюмларни беморларга ва тиббий муассасага ташриф қилувчиларга бериш;
  • дори воситаларини тайинлашда ушбу дори воситалари тўғрисида беморларга ноаниқ ва (ёки) тўлиқ бўлмаган маълумотлар бериш, шунингдек тайинланаётган дори воситалари аналогларининг муомалада мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни яшириш;
  • фармацевтика ташкилотлари вакиллари билан тиббий муассаса ҳудудида, шунингдек касбий фаолиятини амалга оширишда учрашиш;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланмаган рецепт бланкаларида рецепт ёзиш ва бериш.

«Таклиф этилаётган қўшимчани киритиш шифокорлар томонидан дори воситаларини нооқилона тайинлаш ҳамда манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатларининг олдини олишга ҳамда шифокорлар ва фармацевтлар томонидан дори воситаларини тўғри тайинлаш ва қўллаш қоидаларига риоя этилишини таъминланишига олиб келади», — дейилади қонун лойиҳаси билан бирга келтирилган тушунтириш хатида.

Конун лойиҳаси муҳокамалари 26 июнга қадар давом этади.