18 июнь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасидаги халқаро ҳамкорлик бўйича «COVID-19 га қарши курашда бирдамлик» мавзусидаги юқори даражали видеоконференцияда иштирок этади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Тадбир чоғида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашда кўп томонлама ҳамкорлик, савдо-иқтисодий алоқаларни қайта тиклашдаги халқаро шерикчилик, COVID-19 шароитида қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш ва амалий ҳамкорликнинг бошқа жиҳатларини муҳокама қилиш кўзда тутилган.

«Бир макон, бир йўл» концепцияси — Хитой томонидан илгари сурилган ташаббус бўлиб, қадимги ипак йўли ўрнида жойлашган давлатлар ўртасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, Марказий Осиё, Европа ва Африкадаги 60 дан зиёд давлатларни боғловчи янги савдо-транспорт йўлакларини яратиш ва мавжудларини такомиллаштиришга қаратилган. У 2013 йилда Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг Қозоғистон ва Индонезияга ташрифлари вақтида илк бор илгари сурилган.