16 июнь куни КХДР чегарадош Кэсон шаҳридаги Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги алоқа биносини портлатиб юборди, дея хабар берди Reuters. Пхеньяннинг бундай иш тутишига Жанубий Корея томонидан ташвиқот варақалари жўнатилгани сабаб бўлган.

Кэсон Жанубий Корея пойтахти Сеулдан 50 км узоқликда жойлашган бўлиб, ҳарбий ҳаракатлар бошлангудек бўлса, шимолликлар армиясининг жануб бўйича энг асосий йўналишига айланади, деб тахмин қилинади.

Айни дамда, Корея Республикаси қуролли кучлари Шимолий Кореяни кузатиш бўйича диққатини кучайтирган. Reuters маълумотига кўра, Жанубий Корея ҳарбийлари тезкор сафарбарлик ҳолатига чақирилган. Етакчи бўлинмаларга ўз дислокацияларида қолиш буйруғи берилган.

Пхеньян 9 июндан бошлаб Сеул билан барча мавжуд алоқа каналларини тўхтатишини эълон қилган эди. 13 июнь куни эса давлат раҳбарининг синглиси Ким Ё Чжон бу борада кейинги қадамни қўйишга тайёр экани, бунда биринчи бўлиб умумий алоқа идораси йўқ қилиниши ва уни амалга ошириш Бош штабга юклатилиши ҳақда эълон қилди.