Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни хизмат кўрсатиш ва ички туризм соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг қайд этишича, Тошкент шаҳрида сўнгги икки ҳафтада касалланган 551 нафар фуқародан 482 таси айнан аҳоли орасидан аниқланган. 57 ҳолатда вирусни юқтириш манбаи номаълум қолаётгани афсусланарли. Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида ҳам шундай хавотирли ҳолат кузатилмоқда.

«Буларнинг барчаси коронавирус билан боғлиқ вазият тобора мураккаб тус олаётганини кўрсатиб турибди, — деди Шавкат Мирзиёев. — Бугун пандемияга қарши курашишда ҳушёрлик ва масъулиятни ўн карра оширадиган янги босқич бошланмоқда, десак тўғри бўлади. Қанчалик қийин бўлмасин, бу босқичда карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз шарт. Ҳар бир ишимизни эҳтиёткорлик билан, оқибатини пухта ўйлаб, нафақат ўзимиз, балки оиламиз ва фарзандларимиз олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб бажаришимиз керак. Акс ҳолда, барча саъй-ҳаракатларимиз йўққа чиқиши ҳеч гап эмас. Ишончим комил, анча билим ва тажриба орттирган, бағрикенг ва матонатли халқимиз бу босқичдан ҳам, албатта, муносиб ўтади.

Республика махсус комиссиясига ўз фаолиятини қайта бошлаётган корхона ва ташкилотлар, бозор ва савдо мажмуаларида дезинфекция ишлари ҳамда санитария назоратини кучайтириш, оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли ва меҳнат жамоалари орасида тушунтириш ишларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Аҳолига хизмат кўрсатадиган, улар билан бевосита мулоқотда бўладиган барча муассасалар ходимларини коронавирус бўйича мунтазам тестдан ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.