Республика махсус комиссиясининг карантин вақтида фаолият юритишга рухсат берилган тадбиркорлик субъектларида белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя этмаслик оқибатида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда, ушбу шахсларни карантинга олиш ҳамда сақлаш билан боғлиқ харажатлар мазкур субъектлар ҳисобидан қопланиши ҳақидаги қарори интернетда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда ушбу қарор юзасидан тушинтириб ўтди.

«Қарорни қабул қилишдан асосий мақсад шундаки, „яшил“ ва „сариқ“ ҳудудлардаги қурилиш, овқатланиш, хизмат кўрсатиш соҳалари тадбиркорлик субъектлари тўлиқ ҳолда маъсулиятни ҳис қилишлари лозим», — тушунтирди Нурмат Отабеков.

Қабул қилинган карантин талабларига кўра, ташкилот ходимлари, хизмат кўрсатувчи ишчилар ниқоб ва қўлқопларда бўлиши, ташриф буюрувчилар орасида масофа сақланиши лозим. Ҳар бир мижоздан сўнг стол сирти ва бошқа предметлар дезинфекция қилиниши керак, деди у.

«Энг асосий мақсадимиз — касалликнинг бир одамдан иккинчи одамга юқишига йўл қўймаслик. Республикада оғир меҳнатлар эвазига жиловланган эпидемик вазиятни мураккаблаштириб юбормаслик, яна карантин ва чеклов тадбирларини кескин ва қаттиқ бўлишига йўл қўймаслик», — дея таъкидлади Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи.

Кузатув камералари айбсизлик далили сифатида

Нурмат Отабековнинг айтишича, касаллик тарқалиш объектини аниқлаш учун барча имкониятлар ишга солинади, шунингдек эпидемиологик ва бошқа турдаги қидирув ишлари олиб борилади.

«Эпидемиологик қидирувлар вақтида шубҳали ҳудудлар ўрнатилади. Кейин эса ушбу тахмин исботланиши керак бўлади», — деб тушунтирди у.

Нурмат Отабековнинг қайд этишича, санитария қоидаларини ва эпидемия билан курашиш талабларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига касаллик тарқалиши борасида айбловлар қўйиш асосий мақсад эмас.

«Тадбиркорларга уларнинг ҳудудида касаллик тарқалишига шароит бўлмаганлигини исботлаш учун имконият берилади. Биринчидан, улар тўлиқ равишда барча санитария-гигиена талабларини бажаришлари лозим. Ушбу талаблар бажарилишини текширувчи ходимлар бунинг гувоҳи бўлишлари ва текширишлари керак бўлади. Биз бир нарсани тушунишимиз керак: ҳар бир тадбиркорлик субъектига биттадан санитар шифокор ёки эпидемиолог қўйиб қўя олмаймиз. Шунинг учун биз ҳар бир тадбиркорга ўз муассасасида видеокузатув камераларини ўрнатиб қўйишни маслаҳат берган бўлар эдик», — деди Нурмат Отабеков.

«Эпидемиологик кидирув ишлари давомида видеолавҳалар орқали санитар-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинаётганлигини исботлаш мумкин бўлади. Асосий мақсад шундаки, ҳар бир субъект ўзига берилган имкониятлардан ўзи учун тўғри хулоса чиқариб олиши ва ўз ишига маъсулият билан ёндашиши лозим», — деди у.