«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Андижонда ички ишлар ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, қийноққа солиниши оқибатида вафот этган фуқаро билан боғлиқ ҳодиса юзасидан баёнот берди.

Умуммиллий ҳаракатнинг ҳолат юзасидан билдирган муносабатига кўра, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва тергов изоляторлари ҳамда жазони ижро этиш муассасаларини видеокузатув воситалари билан жиҳозлаш муҳим аҳамиятга эгалигини ва умуман, барча ички ишлар идораларида тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари орқали олиб бориш тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланади.

Бунда, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон президентининг қарорига мувофиқ, 1 апрелдан бошлаб шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартиби жорий этилиши ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари зиммасига улар томонидан шахс ушланганидан сўнг унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг оила аъзоларидан бирини, улар бўлмаган тақдирда эса, бошқа қариндошларини ёки яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш бўйича мажбурияти юкланиши белгиланган эди.

«Андижонда юз берган воқеа шуни кўрсатадики, соҳани ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмаслиги, аксинча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш лозимлиги, бунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига сўзсиз риоя қилинишига, ички ишлар органлари фаолиятининг ҳисобдорлиги ва шаффофлигини таъминлашга, шу жумладан, парламент ва жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини йўлга қўйиш ва энг асосийси, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида урғу бериш кераклигини тақозо этади», — дейилади умуммиллий ҳаракатнинг баёнотида.

Шунингдек, «Юксалиш» раиси Акмал Бурханов Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси ўтган йили ҳам прокуратура органлари ва жамоатчилик диққат марказида бўлганлигини эслаб ўтди. Ўшанда Андижон вилоят ИИБнинг қатор мансабдор шахслари ҳибсга олинган эди. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 206- (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234- (Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) моддалари билан 2018 йил 19 декабрь куни Бош прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган эди.

Ушбу воқеадан бир ой ўтиб — 2019 йилнинг февраль ойида подполковник Санжар Жабборов Андижон вилояти ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Бундан ташқари, жорий йилнинг март ойида Андижон вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига полковник Азат Тасбаев тайинланган. Акмал Бурхановнинг эътибор беришича, А.Тасбаев ушбу тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

«Бундан хулоса қилса бўладики, бу ва бунга ўхшаш ҳодисаларнинг рўй беришини кадрлар муаммосини ҳал этиш ёки жазолаш билангина эмас, балки соҳани тубдан ислоҳ қилиш йўли билангина олдини олиш мумкинлигини англатади», — дея таъкидлади «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси.

Аввалроқ, Ўзбекистон сиёсий партиялари раҳбарлари ва аъзолари мазкур ҳолат бўйича ўз муносабатини билдирган эди. Шунингдек, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Мухаммадиев «Газета.uz» га телефон орқали берган интервьюсида Андижонда ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилган қийноқ ҳолатини «уят», деб таърифлаганди.