Қирғизистон бош вазири Мухаммедкалий Абилгазиев истеъфога чиққанини маълум қилди. Қўшни республика ҳукумати сайтида бош вазирнинг қирғизистонликларга мактубида маълум қилинди.

«Радиочастота ресурсларининг узайтирилиши ва қайта расмийлаштирилиши билан боғлиқ жиноят иши бўйича Ҳукуматга нисбатан эълон қилинаётган айбловлар муносабати билан холис ва ҳар томонлама тергов ўтказилиши ҳамда мен томонимдан тергов органларига босим ўтказилишидан қочиш мақсадида қисқа муддатли таътил олишга қарор қилинган эди», — дейилади мактубда.

Бош вазир ўзининг ушбу ишга алоқаси йўқлигини, унга нисбатан тилга олинган айбловларда ҳеч қандай асослар мавжуд эмаслигини таъкидлади. Икки ҳафталик таътил вақтида тергов органлари у билан ҳар қандай масала бўйича алоқага чиқишмаган. У тергов барчасини жой-жойига қўйиши ва асл қонунбузарларни топишига ишонч билдирди.

Мухаммедкалий Абилгазиев мамлакатда коронавирус инфекцияси хавфи сақланиб қолинаётгани, унинг иқтисодиёт учун салбий оқибатларига қарши кураш олиб борилаётган бир вақтда ҳукумат барқарор ишлаши, фуқаролар томонидан билдирилган ишончдан тўлиқ фойдаланиши лозимлигини таъкидлади. Шу муносабат билан у мамлакат бош вазири лавозимидан истеъфога чиқишини эълон қилди.

«Ўз фаолиятим давомида ҳалол ва очиқ ишладим, умумий манфаатларга фойда келтиришга ҳаракат қилдим ва аминманки, келгусида менда ўз билим ва тўпланган тажрибаларимни мамлакат ва жамият манфаатлари йўлида қўллаш имкониятига эга бўламан», — дея мактубига якун ясади Мухаммедкалий Абилгазиев.

Мухаммедкалий Абилгазиев 2018 йил 20 апрелдан буён Қирғизистон бош вазири лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Маълумот учун, 20 май куни депутат Жанар Акаев Жокоргу Кенешда ҳукуматни иккита радиочастотани арзонга сотганликда айблаган эди. У ушбу шартномалардан кўрилган зарар миқдори 5 млн қирғиз соми (тахминан 67 млн доллар) атрофида эканини маълум қилди. Кейинроқ мамлакат Бош прокуратураси коррупция тўғрисидаги иш доирасида беш кишининг қўлга олинганини маълум қилди.