13 июнь куни 17:30 да Наманган шаҳрида яшовчи У.Холмирзаев (1976 й.т., судланмаган, ишсиз) яшаш хонадонида турмуш ўртоғи М.Мамажанова (1984 й.т., судланмаган, уй бекаси) билан оилавий можаролар сабабли жанжаллашиб, уни болта билан бош ва бўйин соҳасига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдирган, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Сўнг, У.Холмирзаев вояга етмаган фарзандлари Абдурашидова Муштарий (2010 й.т., мактаб ўқувчиси), Абдурашидова Мубина (2012 й.т., мактаб ўқувчиси) ва И.Абдурашидоваларни (06.02.2020 й.т.) ҳам болта билан уриб, тан жароҳати етказган.

Оқибатда, И.Абдурашидова воқеа жойида вафот этган, Абдурашидова Муштарий ва Абдурашидова Мубиналар эса тан жароҳати олиб, қўшниси А.Джалиловнинг яшаш хонадонига қочиб чиқишган.

Шундан сўнг, У.Холмирзаев яшаш уйининг ошхонасида ўзини-ўзи ёқиб юбориб, ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни вилоят прокуратураси томонидан У.Холмирзаевга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «а» банди ва 25,97-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.