16 июндан Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи районларидан салқин ҳаво оқими кира бошлайди, дея хабар қилди Ўзгидромет матбуот хизмати.

Бу ҳаво оқими бутун иш ҳафтаси давомидаги об-ҳавони белгилайди. Республика ҳудудининг катта қисмида об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади, фақат 16−17 июнда тоғли ҳудудларда айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. 16−17 июнда республиканинг айрим жойларида шамолнинг тезлиги секундига 15−20 метргача кучайиши, шиддат билан эсганда секундига 23−28 метргача етиши мумкин.

16 июнда Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида кундузги ҳарорат 30−35 даражагача пасаяди. Республиканинг қолган ҳудудларида иссиқ об-ҳаво сақланиб туради, кечаси 17−22 даража, кундузи 34−39 даража, жанубда ва чўл зонасида 40−42 даражагача иссиқ бўлади.

17−19 июнда салқин ҳаво бутун республика ҳудудига тарқалади, ҳарорат қулай кўрсаткичларгача пасаяди, кечаси 15−20 даража, кундузи 30−35 даража атрофида бўлади, бундай ҳарорат меъёрга яқиндир.