Мудофаа вазирлиги раҳбариятида янги тайинловлар амалга оширилди, бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, полковник Алишер Нарбаев мудофаа вазирининг қуролланиш ва қуроллантириш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган. Мазкур тайинловга қадар полковник Алишер Нарбаев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби артиллерия бошқармаси бошлиғи — артиллерия қўмондони бўлган.

Алишер Нарбаев 1979 йил 1 июлда Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида туғилган. 2000 йил Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик муҳандислик билим юртини, 2009 йил Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясини, 2018 йилда Михайловск артиллерия академиясининг (Россия Федерацияси) малака ошириш курсини битирган.

Бундан ташқари, полковник Заирджан Базарбаев мудофаа вазирининг Моддий-техник таъминот бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Ушбу тайинловга қадар полковник Заирджан Базарбаев Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Моддий-техник таъминот бош бошқармаси бошлиғи лавозимида хизмат қилган.

Заирджан Базарбаев 1974 йил 19 сентябрда Хоразм вилояти, Гурлан туманида туғилган. 1995 йилда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини, 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академиясини тамомлаган.

Шу билан бирга, вазирликда Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган полковник Фарходжон Шерматов Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони лавозимига тайинланди.

Ҳамда, полковник Абдулла Хамраев Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юрти бошлиғи лавозимига тайинланди. Бунга қадар у Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий хаво кучларига қарашли ҳарбий қисмлардан бирининг командири эди.