Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг фаолиятига 1 августидан бошлаб рухсат берилади, дейилади Республика махсус комиссияси қарорида.

Хусусий МТТлар фаолияти «яшил» ва «сариқ» карантин ҳудудларида давом эттирилиши ҳақида хабар берилган эди. Бунда, давлат МТТлари 15 июндан 1 июлга қадар давр мобайнида очилиши кутилаётгани ҳам айтилган эди.

Хабарда айтилишича, давлат МТТлари очилишининг кечикиши тарбияланувчиларни қабул қилишга пухта тайёрлаш, шу жумладан санитария-гигиеник қоидалар ва хавфсизлик чораларини тўлиқ таъминлашга боғлиқ.

Бунда:

  • давлат мактабгача таълим ташкилотлари бинолари доимий равишда дезинфексия қилинади, уларга кириш-чиқиш жойлари пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфексион «тўшаклар» билан жиҳозланади;
  • ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопдан фойдаланади ва ижтимоий масофани сақлайди;
  • тана ҳарорати 37 C ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчилар машғулотларга киритилмайди.

Шу билан биргаликда, фаолияти тикланадиган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳам шу талабларга риоя қилиш керак. Бунда мактабгача таълим ташкилотларида машғулотларни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш тўғрисидаги чеклов бекор қилинди.

Бунда, коронавирус инфексияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин чекловларига қатъий риоя этилиши бўйича масъулият мактабгача та’лим ташкилоти ма’мурияти ҳамда тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига бирдек юклатилади.