Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Ўш вилояти Аравон тумани аҳолиси билан учрашув давомида Ўзбекистон билан яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни сақлашга интилишаётганини айтиб ўтди.

Хабарга кўра, қўшни мамлакат президенти Қирғизистон Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини билдирилди ва икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни «узоқдаги қариндошдан, яқиндаги қўшни яхши», дея таърифлади.

«Узоқдаги қариндошдан, яқиндаги қўшни яхши». Қирғиз ва ўзбек халқлари асрлар давомида дўстликда ёнма-ён яшаб келишган. Ота-боболаримиз икки халқнинг бирлигини сақлаб, бир-бирига яқин эдилар. Икки мамлакат нафақат жуғрофий жиҳатдан бир-бирига яқин, балки бизда битта тарих, битта дин, битта тил ва ўхшаш урф-одатлар мавжуд", — деди Сооронбай Жеенбеков.

Президент сўнгги йилларда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида нафақат савдо-иқтисодий, балки маданий-гуманитар алоқалар ҳам фаол ривожлантираётганини таъкидлади.

«Ўзбекистонда президентликка Шавкат Миромонович Мирзиёев келиши билан Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик мустаҳкамланди. Биз яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни сақлашга интиламиз, барча муаммоларни ҳал қиламиз, бунинг учун сабр ва вақт керак. Биз фарзандларимиз ва мамлакатимиз келажаги учун қўшни давлатлар билан дўстликни мустаҳкамлаш сиёсатини давом эттирамиз, — деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 31 май куни Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси «Чашма» участкасида Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси ўртасида низо келиб чиққани ҳақида хабар берилган эди. Шунда, икки мамлакатнинг бош вазирлари мазкур ҳодиса бўйича биргаликда тергов ҳаракатлари олиб боришга келишиб олгандилар.

1 июнь куни Ўзбекистон ва Қирзиғистон президентлари телефон орқали Сўхдаги кўнгилсиз воқеялар бўйича мулоқот қилиб, бундай вазият бошқа такрорланмаслиги учун мукаммал чоралар қабул қилиш муҳим эканини таъкидлагандилар.

Шунингдек, 6 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрига бўлган ташрифи давомида «Сўхдаги воқеалар қирғиз халқи билан дўстлигимизга, борди-келдимизга, режаларимизга таъсир қилмаслиги керак», — деган эди.