Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати 13 июндан бошлаб мухлисларсиз ва санитария талабларига амал қилинган ҳолда давом эттирилади. Суперлиганинг 4-турини «Бунёдкор» — «Қўқон-1912» ва «Қизилқум» — АГМК жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган учрашувлар бошлаб беради.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов жума куни бўлиб ўтган брифингда учрашувлар ўтказилиши бўйича бир қатор санитария талаблари ҳақида гапириб ўтди:

  • қатнашувчиларнинг умумий сони (жамоалар, ташкилотчилар ва ОАВ) 140 дан ошмаслиги керак;
  • стадионга кираётган ҳар бир инсоннинг ҳарорати пирометрлар орқали ўлчаниши лозим;
  • ўйин учун танланган барча тўплар, GPS-тизимлар, фишкалар, дарвозалар, ускуналар дезинекция қилиниши керак;
  • стадионга кирган ҳар бир инсон ўйин пайтида барча карантин қоидаларига (шахсий ҳимоя воситалари) амал қилиши шарт;
  • жамоат жойида (айниқса футбол майдонида) тупуриш, оғизга солинган сувни тўкиб ташлаш тақиқланади. Футболчилар учун тупуриш ёки оғизни чайиб ташлашга мўлжалланган алоҳида контейнерлар ўрнатиш тавсия қилинади;
  • футболчилар ва ҳакамлар кийиниш хонаси, шунингдек автобуслар портатив кварц лампалари билан жиҳозланиши лозим;
  • стадион ҳудудидаги барча шахслар шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиши ва ўйин олдидан тайёргарлик машғулотларини ўтказаётган ҳар бир иштирокчидан тортиб ҳамма 2 метрлик масофа сақлаши лозим. Фақат ўйин пайтида майдонда ҳаракат қилаётган футболчилар ва ҳакамлар ниқобсиз юриши мумкин.
  • жамоалар ва ҳакамлар ўртасида бўладиган кўл бериб кўришиш маросими бекор қилинди;
  • жамоа бўлиб суратга тушиш давомида ҳам футболчилар бир-бирдан масофа сақлаши ва зигзаг шаклида жойлашиши лозим;
  • учрашув бўлиб ўтадиган стадион ҳудуди футболчилар келишидан 2 соат олдин дезинфекция қилиниши лозим.

Аввалроқ, Профессионал футбол лигасининг бош директори Диёр Имомхўджаев чемпионат бошлангунига қадар барча футболчилар коронавирусга тест топширишади, деб айтган эди. У, шунингдек, чемпионат ўтказилиш давомида қўйиладиган бошқа санитария талаблари ҳақида ҳам гапириб ўтган эди: жамоалар стадионга турли вақтда етиб келишади, автобусларда эса футболчилар зигзаг шаклидаги тартибда жойлашган бўлишади.

Ундан ташқари, ПФЛ трансфер ойналарининг ҳам вақтини 6−31 июлдан 10−31 августга ўзгартирди.

4-тур жадвали

  • 13 июнь, 19:00. «Бунёдкор» — «Қўқон-1912»
  • 13 июнь, 20:00. «Қизилқум» — АГМК
  • 14 июнь, 18:00. «Сўғдиёна» — «Пахтакор»
  • 14 июнь, 20:00. «Насаф» — «Навбаҳор»
  • 15 июнь, 18:00. «Сурхон» — «Машъал»
  • 15 июнь, 18:30. «Бухоро» — «Андижон»
  • 15 июнь, 19:00. «Локомотив» — «Металлург»

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Бунёдкор» (Тошкент) ва «Насаф» (Қарши) учрашув пайтида стадионга ишқибозларнинг расмларини жойлаштириб чиқиш таклифини беришган эди.