Тошкент вилояти Тошкент туманида — пойтахтнинг Олмазор туманига туташ ҳудудда — 150 минг кишига мўлжалланган йўлдош шаҳарча барпо этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг Олмазор тумани фаоллари билан учрашувида маълум қилинди.

Шаҳарча 260 гектар майдонда қурилади. Бундан ташқари, бу ерда 20 м кенгликдаги боғлар, пиёдалар ҳудудлари, велосипед йўлаклари ва узунлиги 14 км бўлган қирғоқ зонаси барпо этилади. Бу ҳудудда камида 5000 кишини иш билан таъминлайдиган савдо нуқталари яратилади.

Давлат раҳбари янги лойиҳалар учун имкониятларни кенгайтириш мақсадида Тошкент туманининг Олмазорга яқин ҳудудидан 200 гектар ер ажратиб, янги саноат зонаси барпо этишни таклиф қилди. У ерда ташкил этиладиган корхоналарда камида 60 мингта янги иш ўрни яратиш мумкин бўлади, дейилади хабарда.

«Чорсу бозори», Зарқайнар, Сағбон, Себзор, Қорасарой, Гўзалбоғ ва бошқа кўча-маҳаллаларда, жами 482 гектар майдонда замонавий туристик, савдо ва дам олиш маскани — «очиқ осмон остидаги музей» барпо этилади. Бу ерда ҳунармандчилик дўконлари ва расталари, чойхона ва меҳмонхоналар, кичик музейлар ташкил этилади.

«Агрегат» заводини Чирчиққа кўчирган ҳолда, унинг ҳудудида Олмазор аҳолиси учун 12−14−16 қаватли арзон уйлар қуриш бўйича топшириқлар берилди.

Президент, шунингдек, коронавирус пандемияси туфайли кам қувваларда ишлаётган 500 га яқин саноат корхоналари учун ички ва ташқи бозорлар излашда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича Олмазор тумани тажрибасини жорий этишни топширди, дея хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканали.

Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳунармандларига 3 йил муддатга 220 млн сўмгача миқдорда имтиёзли кредитлар тақдим этиш, ўзини ўзи банд қилган фуқароларга «Ҳар бир оила — тадбиркор» давлат дастури доирасида соддалаштирилган тартибда имтиёзли кредитлар бериш бўйича ҳам топшириқлар берди.

Учрашувда энг камида 3−4 қаватли савдо мажмуалари, шунингдек, Қорақамиш-1 кўчасидаги эски деҳқон бозори негизида Ecobazar ва автотураргоҳ қуришни топширди.