Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университети томонидан қиймати 11,9 миллион долларлик учта лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда «Газета.uz» га университетда Фарғона вилоятидаги хусусий интернет нашрлар мухбирларининг пресс-турида маълум қилинди.

Биринчи лойиҳа, бу — университет биноси қурилиши бўлиб, ушбу жараён аллақачон амалга оширилган. Иккинчи лойиҳа — амалий машғулотлар учун ўқув хоналари, электрон кутубхона ва овқатланиш хонаси бўлган етти қаватли бино қурилишидир. Учинчи лойиҳа доирасида эса университет Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида тўртта болалар боғчасини очади.

Фарғона вилоятида ёшларнинг олий маълумот олиш даражаси 27,7 фоизни ташкил этади.

Университетда 27 нафар ўқитувчи ишлайди, улардан 12 нафари жанубий кореялик мутахассислардир. Уларнинг сонини 57 нафарга, шу жумладан Жанубий Кореядан 30 нафарга етказиш режалаштирилган.

2019−2020 ўқув йилида университетнинг 7 та факультетига 702 талабани қабул қилганди (умумий жойлар сони 720). Янги ўқув йилида факультетлар сонини 11 тага (кейинги йилларда 16 тага), талабалар сонини 1040 га (1640) ошириш режалаштирилмоқда. 2023 йилда магистратура ва докторантуранинг ҳам очилиши кутилмоқда.

Университет вакилларининг таъкидлашича, битирувчилар Ўзбекистон ва Кореянинг ўзидаги Samsung, LG, Hyundai ва бошқа корейс компанияларига, шунингдек илмий-тадқиқот институтлари ва давлат идораларида ишга жойлашишлари мумкин.

Университет гуманитар ва техник-муҳандислик мутахассисликлари бўйича таълим беради. Хусусан, туризмни бошқариш, мактабгача таълим, менежмент ва компьютерлаштирилган бухгалтерлик ҳисоби, корейс тили ва адабиёти ўқитилади. Шунингдек, институт машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника ва электроника, архитектура дизайни, компьютер муҳандислиги, энергетика ва кимё муҳандислиги соҳаларида малакали мутахассислар тайёрлайди.


Гуманитар соҳаларда контракт асосида ўқиш нархи 3 000 АҚШ долларини, муҳандислик йўналиши бўйича — $3 300. Шартноманинг нархига абитуриент томонидан мавжуд дастурларни танлаши ҳам таъсир қилади: «3 + 1» (Ўзбекистонда 3 йил ўқиш, Корея Республикасида 1 йил ўқиш) ёки «2 + 2».

Университетда ўқув жараёни ўзбек, инглиз ва корейс тилларида олиб борилади. Биринчи курсга ўқишга кирган 702 талабанинг 80 фоизи Фарғона водийси, 20 фоизи бошқа вилоятлар ва мамлакатлардандир.

Фото: Президент матбуот хизмати

Университет проректори Ю Жонг Хва суҳбат давомида Ўзбекистон университетларида ўқув жараёнида жуда кам амалиёт қисми мавжудлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, президент Шавкат Мирзиёев шу ой бошида университетга ташрифи чоғида буни ҳам таъкидлаган.

«Бизда 1-курсда умумий фанлар ўқитилиб, мактаб дастури қайтарилади. Ёшлар бир йил умрини йўқотиб, қизиқиши сўниб ҳам қолади. Ривожланган давлатларда бундай эмас, биринчи йилдан мутахассислик фанларига ўтиб, амалиётга муҳим ўрин берилади. Натижадаги фарқни ҳаёт кўрсатиб турибди», — деган эди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари мутасаддиларга Жанубий Корея университетларидаги ўқув дастурлари ва соатларини ўрганиб, мамлакатимиз олий таълим тизимини қайта кўриб чиқиш, талабаларни амалиётга максимал йўналтириш бўйича кўрсатмалар берганди.

Шунингдек, Ю Жонг Хва маҳаллий университетларга таълим тизимида кредит тизимига тезроқ ўтишни тавсия қилди. Бундан ташқари, проректор таъкидлаганидек, «Ўзбекистонда кераксиз фанлар жуда кўп, бу ўз мутахассислиги бўйича чуқур билим олишга имкон бермайди».

Фото: Президент матбуот хизмати

Университетнинг ташқи алоқалар бўйича проректори Дилфуза Умрзоқова университетда талабаларнинг ташқи кўриниши ва шаклига талаблар йўқлигини алоҳида таъкидлади. «Бу тарафдан бизда эркинлик бор», деди у.