Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Туркманистон билан туташ ҳудудларида «Қўнғирот» ва «Дўстлик» эркин савдо зоналарини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги тегишли президент фармони лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳасидан кўзланган мақсад минтақавий савдони ривожлантириш, ўзбек маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, чегара ҳудудининг транспорт, транзит ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш учун имкониятларни кенгайтиришдан иборат.

Лойиҳада, Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманидаги Туркманистон билан чегарадош ҳудудида «Қўнғирот» эркин савдо зонаси ва Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида Қирғизистон билан чегарадош ҳудудида «Дўстлик» эркин савдо зонаси ташкил этилиши кўзда тутилган.

ЭСЗнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • товарлар савдоси учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, шу жумладан консигнация омборларини, товарларга ишлов бериш, уларни ўраб-жойлаш, саралаш, сақлаш учун майдончаларни ташкил этиш;
  • халқаро ва минтақавий улгуржи ҳамда чакана замонавий савдо форматларини ривожлантириш;
  • чегара ҳудудларида логистика хизматларининг тўлиқ спектрини ривожлантириш;
  • кўргазмалар фаолиятини ривожлантириш орқали мамлакатлар бизнесининг ҳудудлараро кооперациясини яхшилаш;
  • чегара ҳудудларида аҳоли фаровонлигини ошириш ва иш ўринларини яратиш;
  • терминал ва транспорт фаолиятларини, тиббий ва молиявий хизматларни, кўнгилочар, меҳмонхона ва ресторан бизнесини, тижорат хизматлар инфратузилмасини ташкил этиш.

Фармон лойиҳасида таъкидланишича, ушбу икки ЭСЗнинг фаолият юритиши муддати, кейинчалик уни узайтириш имконияти билан 30 йил муддатга ташкил этилади.

Шунингдек, эркин савдо зоналарининг иштирокчилари ЭСЗнинг фаолият юритиш муддати давомида мол-мулк солиғидан, ер солиғидан, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловларни тўлашдан озод этилиши тартиби ўрнатилиши кутилмоқда.

Бунда, худудларида товарлар (ишлар ва хизматлар) савдоси учун тўловлар ва пул ўтказмалари жорий операциялар учун эркин конвертация тамойилига асосан товарлар (ишлар ва хизматлар) учун, давлат божлари, йиғинлар ва бошқа шартли тўловлардан ташқари, хорижий валютада тўловларни амалга оширишга рухсат этилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Ҳужжат лойиҳаси муҳокамалари 26 июнга қадар давом этади.