Жума, 12 июнь куни Ўзбекистонда 128 ҳолатда коронавирус қайд этилди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби.

Шундан 94 нафари Карантин муассасаларида, 26 нафари аҳоли орасида (шундан 14 нафари Тошкент шаҳрида, 5 нафари Бухоро вилоятида, яна 5 нафари Тошкент вилоятида, 2 нафари Самарқанд вилоятида), қолган 8 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.

Кун давомида 121 нафар бемор соғайди. Шундан 120 нафари Тошкент шаҳридаги, 1 нафари эса Андижон вилоятидаги тиббиёт муассасаларида шифо топишди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 4869 нафар бемордан 3758 нафари соғайиб, кўрсаткич 77 фоизни ташкил этмоқда.

️Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1092 нафар бемордан 13 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда.

️Беморларнинг 844 нафари пойтахтимиздаги даволаш муассасаларида, 248 нафари эса юртимизнинг 8 ҳудудидаги шифо масканларида даволанмоқда.

️Ҳозирда мамлакатда уй карантинида 25 100 нафар, стационар карантинда эса 23 628 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.