Европа Иттифоқи томонидан 2021−2027 йиллар давомида кўрсатилиши кўзда тутилган янги молиявий ёрдам Ўзбекистонда пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш ва камбағаллик даражасини камайтириш мақсадларига йўналтирилади, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ва Европа Иттифоқи савдо бўйича комиссари Фил Хоган ўртасида видеоконференция бўлиб ўтди. Видеоконференцияда коронавирус тарқалишига қарши курашда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг қатор долзарб йўналишлари муҳокама қилинди.

Республика ҳукумати номидан пандемиянинг Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида 36 млн евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилгани учун Европага миннатдорчилик билдирилди.

«COVID-19»нинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини юмшатиш ва уни қисқартириш каби келгусидаги ҳамкорликнинг йўналишлари белгиланди. Бу мақсадларга Европа Иттифоқининг 2021−2027 йиллар учун навбатдаги бюджет даври доирасида молиялаштиришнинг сезиларли қисмини йўналтириш режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг 4-чи йиғилишига тайёргарлик доирасидаги тадбирларга, шунингдек, Ўзбекистон ЕИ «ПБТ+» имтиёз тизими бенефициар мамлакат мақомини олиши жараёнига эътибор қаратилди. Умумий қиймати 40 млн. еврони ташкил этувчи «Қишлоқ хўжалиги соҳасини бюджетдан қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистонга қўшимча ёрдам» лойиҳасига кўра 10 млн. евро миқдоридаги биринчи транш учун Европага ўз миннатдорчилигини билдирилди.