8 июнь куни биринчи марта Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК) ҳузуридаги Соғлиқни сақлаш бўйича мувофиқлаштириш қўмитасининг йиғилиши ташкиллаштирилди, дея хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Тиббий муассасалар ва тегишли профилдаги тузилмалар ўртасида доимий мулоқот ўрнатиш ташаббуси 10 апрель куни бўлиб ўтган Туркий кенгашининг COVID-19 пандемиясига қарши кураш бўйича навбатдан ташқари саммитида Ўзбекистон gрезиденти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган эди.

Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган учрашувда ТТДҲК мамлакатлари соғлиқни сақлаш вазирларининг 28 апрель куни бўлиб ўтган музокараларида белгиланган масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда коронавирус инфексияси профилактикаси, ташхиси ва олиб борилаётган эпидемиологик тадқиқотлар бўйича маълумот алмашилди ҳамда касалликнинг олдини олиш ва даволашнинг янги усулларини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Аъзо ва кузатувчи мамлакатларнинг тиббиёт соҳасидаги мутахассислари учун онлайн тренинглар, тиббиёт ходимларнинг салоҳиятини ошириш бўйича дастурлар ҳамда видеоконференсалоқа шаклида халқаро илмий-амалий тадбирларни ўтказиш тўғрисида келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, коронавирусга қарши курашда мамлакатлар ўртасида умумий маълумотлар базаси ва эпидемиологик мониторинг тизимини яратишга қарор қилинди.

Музокаралар давомида тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармон воситалари, бир марта ишлатиладиган маҳсулотларни етказиб бериш, соғлиқни сақлаш инфратузилмасига сармояларни жалб қилиш, инноватцион IT тизимларини ишлаб чиқиш ҳамда янги замонавий шифохоналар қурилиши бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришни таъминлайдиган «Таъминот занжири гуруҳи» тузилмаси ҳам тасдиқланди.

Учрашув қатнашчилари ТТДҲК мамлакатларидан давлат ва хусусий сектор вакиллари иштирокида соғлиқни сақлаш масалалари бўйича бизнес-форум ўтказишга келишиб олдилар.